Ижтимоий тармоқларда фохишалик билан шуғулланаётган пайти ушланган аёллар уларнинг ўзи буни инкор этаётгани ҳақида видеохабар тарқалган эди. Шунингдек, видеода жанжаллашаётган аёллар қайсидир судянинг уйида ишчи бўлиб ишлаши, уларни қўлга олган маҳалла инспекторлари эса қамоқда ушланаётгани айтиб ўтилган.
Чилонзор тумани прокуратураси масъулларининг хабар беришича, ҳақиқатан ҳам 2021 йил 27 сентябрда аёллар Х.Ш. ва Н.С. 9 август куни соат 02:15 ларда ўзлари истиқомат қиладиган манзилга кираётганида Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимлари уларни тўхтатиб, асоссиз айблаб, ҳақоратлаб, мажбурлаб, 3-сонли ИИБ таянч пунктига олиб борган.
Таянч пунктида уларни шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаб, қўлларига кишан солиб, уриб тан жароҳатлари етказиб, бир неча соатлар ушлаб туриб, камерага қамаб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан асоссиз равишда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш юритиб, тўпланган ҳужжатларни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига юборган.
Шунга асосан Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан 20 октябрда ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, Чилонзор туман ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 7 декабр куни Чилонзор туман ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 2-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқациз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «в» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Хабарда айтилишича, ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, мазкур иш бўйича суд қарори чиқарилгандан сўнг, яна қўшимча маълумотлар тақдим этилади.