YouTube ижтимоий тармоғида Москва вилоятида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари жасадларини Ватанга қайтаришда муаммолар юзага келаётгани ҳамда бунинг учун маблағ йиғилаётгани ҳақида мурожаат пайдо бўлди.
Маълумот учун, Москва вилоятининг Солнечногорск шаҳарчаси Прибрежная кўчасида жойлашган қурувчиларнинг вақтинча турар жойида 2021 йилнинг 13 ноябрь куни юз берган ёнғин оқибатида ушбу вақтинча турар жойда яшаб келган меҳнат мигрантлари орасида 2 киши жароҳат олган ва 4 киши вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари (Ш.А. 1969 й.т., Э.У. 1998 й.т., Ш.К. 1987 й.т., А.Р. 1998 й.т.), аммо, жасадларни Ватанга қайтариш учун қайси жасад қайси шахсга тегишли эканини аниқлаш талаб этилади.
Шунингдек, Россия Федерацияси қонунчилигига кўра, белгиланган тартибга мувофиқ, давлат ташкилоти томонидан ўтказиладиган ДНК текшируви натижалари олингач, яъни, ҳар бир жасаднинг шахси аниқлангандан кейин тергов қўмитаси рухсати билан жасадларни олиб чиқиб кетишнинг имкони бўлади.