Олис қишлоқларда мактаб ўқувчиларининг қийинчилик билан таълим олаётгани, уларга етарли шароитлар яратиб берилмаётгани ҳақидаги гап сўзлар бизга бегона эмас. “Келажагимиз бунёдкорлари”, дея аталган ўқувчилар, мактабга муҳтожлиги, билим олиш учун эса қишда лой, ёзда тупроқ кечиб мактабларга қатнаши ачинарли ҳолат.
Негаки, таълим соҳасига ҳар йили катта маблағ ажратилади.
Масалан, 2020 йилда 18 триллион 616 млрд 652,2 млн сўм ажратилган бўлса, 2022 йил учун эса 30,3 трлн. сўм (+6,5 трлн.) маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бари қоғозларда чиройли.
Аммо, лекин, бироқ…
2020 йилги ҳисоб-китобларига кўра, қонун бузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар ҳам энг кўп ХТВ тизимида кузатилган. Ўтказилган 709 та назорат тадбирларининг 573 тасида 96,6 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга нисбатан 3,2 мартага ошган.
Таълим-таълим деб ёқа йиртганимиз билан, таълим ўзидан-ўзи бўлиб қоладиган нарса эмас, буни баъзи масъуллар яхши англамайди, шекилли. Ана шундай онгсизлар дастидан бугун бир қишлоқ болалари ватанпарварлик деганда саратон-у, қаҳратонда дала оралаб мактабга бориб келишни тушунаяпти, холос.
Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг Бойбўри қишлоғида мактаб йўқ. Ўқувчилар 5 км ва ундан узоқ масофага дала ва фермерлик ерларини оралаб, 2 соат, баъзан кўпроқ вақтда мактабга бориб келади. Чунки у ерга яқинроқ на мактаб, на бирон борадиган йўл бор.
Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолатга оид туман ҳокимининг 6 октябрда тасдиқланган қарори чиққани айтилган хабар ва қарорнинг сурати тарқалди. Ушбу ҳолатни ўрганиш учун махсус гуруҳ 10 декабр санасида ҳолат жойига келган, қарор эса 2 ой олдин бошқа мактаб таъмирланиши ҳақида чиққан ва Бойбўри қишлоғидаги муаммо «кўмилган».
Аслида қарорда келтирилган 27 мактаб Бойбўри қишлоғиники эмас, у қўшни қишлоққа тегишли, Бойбўри қишлоғи болалари эса 73 сонли мактабга боришади.
Қизиғини айтайми? Бойбўри ва унга қўшни бўлган қишлоқ одамлари бир-бирлари биллан олди-берди ва қўшничилик алоқаларини ўрнатмаган, улар орасида кучли зиддият бор, шунинг учун ҳам бойбўриликлар 27 мактабга боришмайди. Ундай бўлмаган тақдирда ҳам қишлоқлик болаларга икки мактаб ҳам бир хил масофа, бир хил вақт талаб қилади. Қамаши тумани ҳокими қарорига кўра, 27 мактабни кенгайтириб, бошқа филиал қургани билан муаммо ҳал бўлмайди.
Маҳалла оқсоқоли ҳам ҳолат бўйича сўраганимизда: «Сарман бува иккаламиз Зафар Рўзиевнинг олдига бордик, Шерали Чориевични турғазди, молия бошлиғини турғазди, «давай», деди, 2020-2021 га қўйиб бер, деди, энди биз қачон, қаерда демаймиз-ку, 2020 га қўйдим, деди вилоят молия бошлиғи, аслида эса қўйилмаган экан», — дея жавоб бердилар.
Олдинроқ тарқалган суратлар акс этган ерлардан юриб бордик, анчагина йўлни пиёда юриб ўтдик, йўл-йўлакай бошланғич синфда ўқийдиган ўқувчилар йўлимиздан чиқди, бир-иккитасини сўзга тутдик. Дарс ўртача 12:00 – 12:30 атрофида тугашини ҳисобга олсак, йўлимизда учраган 1 синф ўқувчилари 14:26 да ҳам йўлда юришган эди.
Сумкасида 5-6 та китоби бор, ҳали эндигина еттига кирган, устига-устак фермерлик ерлардан, шудгорлардан оралаб мактабга қатнаётган болалардан биз қандай келажак кутамиз, талаб қиламиз, шу шароит билан талаб қилишга ҳаққимиз борми ўзи?
Қашқадарё вилояти ҳокимининг “Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар” бўйича ўринбосари Юлдашев Рустам Дониёрович исмли киши ҳам бор экан, билсак. Айтишларича, Рустам Дониёрович галстукни чиройли тақиб, ҳукумат бериб қўйган Каптивада юраркан. Бироқ биз бу кишини тармоқларда бирор марта кўрмабмиз, балки ўз мажбурияти ва шунинг учун давлат маош берадиган вазифаси: “…таълим тизимининг барча босқичларида ўқув жараёни сифатини, ўқувчи-талабаларнинг давоматини таъминлаш юзасидан аниқ чораларни кўриш ва назорат қилиш, бу борада таълим муассасаси, маҳалла, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, профилактика инспекторлари ва ота-оналарни ўзаро ҳамкорликдаги ишларини мувофиқлаштириш…” бўйича изчил ишлар олиб бораётгандир.
Шундай деб, олган тақдиримизда ҳам, нега энди бутун бошли қишлоқдаги мактаб муаммосини кўрмайди ёки бу “ёшлар масалалари”га тегишли эмасми? Юқорида келтирган биргина абзац мажбурият ҳоким ўринбосарининг 30 вазифасидан бири, холос.
Қишлоқ фаолларининг айтишича тушдан кейин ўқийдиган болалар шом оғиб қолганда уйларига келишади, овқатланиб бўлгач дарс қилишга улгуради ё йўқ – ухлайди. Мана қорли-қировли, ёмғирли кунлар бошланяпти, бундай пайтда бир кун мактабга лой кечиб борган бола, тўрт кун ўпкаси ёқасидан чиққудек йўталиб, уйида ётади. Шу билан кунларимиз ўтаверади.
Бир учрашувда вилоятнинг собиқ раҳбари Зойир Мирзаев: “Мактаблар яна-да замонавийлашади ва 2021 йилда бирорта пахса деворли таълим муассасалари қолмайди. Керак бўлса, филиал мактаблар ҳам алоҳида ажралиб чиқади”, — дея таъкидлаганди, ваҳолангки, айни дамдаги ҳолатдан бохабар эдик.
Ишонасизми, бизнинг қишлоқдан мана шу йилнинг ўзида 40 га яқин йигитлар Россияга ишлаш учун кетди, уларнинг 10 дан зиёди мактабни 2021 йилда тугаллаган. Энди ҳисоблайдиган бўлсак, битта қишлоқдан бир йилда ўртача 20 нафар йигит битирса, шулардан ярми чет давлатга кетяпти, у ерни ривожлантириб, ўзи тирикчилик қиляпти. Мана келажак кимларнинг қўлида…
Мавзудан оғишмаймиз, келтирганим, мактаблардаги инфратузилма шу ҳолда, моддий техник базаси шу туришича, тизимдаги камчиликлар ўз йўсинида қолаверса, юқорида айтган воқеалар хронологияси ўзгармайди.
Бизга мактаб керак – фестифал эмас, олимлар керак – тиктокерлар эмас, туркиялик юлдузлар келмасин – машҳурлар ўзимиздан чиқсин, болаларимиз мактабларда чопонда ўраниб эмас – телевизорларда кўрганимиздек оқ кўйлак, бўйинбоғ ва костьюмларда дарс олсин.
Мана шу биз кутган ва тасаввув қилгандек келажак, ҳурматли масъуллар, сиз қилаётган ишларингиз бизнинг орзуларимизга МУТЛАҚО ЗИД.
Зайниддин Норқувватов