Аммамни кўргани бордим, кайфияти ҳар доимгидан яхши эди. Билсам, янги йилга ўғли, келини Россиядан келаётган экан. Икки қизи ҳам турмуш ўртоғи билан ишлашга кетган. Бир ўзи, икки невараси билан ёлғиз яшайди уч йилдан бери. Отаси йўқлиги сабаб акам вақтида ўқий олмади, уйланиш, уйлангач рўзғор тебратиш керак эди. Иложсизликдан кетди…
Шу пайт ҳаёлимга амаким келди. У ҳам 7 йилдан бери Москвада. Икки ё уч йилда бир Ўзбекистонга келади-ю, кетади. Сабаби опам касал, ҳар ойда шифохонада даъволаниб чиқади, яшаб қолиши учун кўп пул керак. Аввал 1-1,5 млн ойликка ўқитувчилик қиладиган амакимга энди бу маош камлик қилаётган эди. Кетди…
Яна бир холамнинг ўғли, аввалига уйланиш учун Россияда ишлади, энди эса оиласини боқиш учун. Ҳазил қилиб, барибир яна қайтиб кетаркансиз, уйланиб нима қилар эдингиз деган саволимга берган жавоби юрагимни эзди.
«Худога шукур, пул топиб уйландим, фарзандли ҳам бўлдим. Энди уларни боқиш учун яна Россияга келдим. Баъзида ўзим ҳам ўйлаб қоламан — барибир улар билан бирга яшамас эканман, нега уйландим? Нима учун фарзандли бўлдим? Тўғри, 10—15 йилдан кейин, кучдан қолиб, ногирон бўлиб қолганимда улар менга қарайди. Лекин қандай — яхши қарайдими ё ёмон — бунисини билмадим. Ҳар ҳолда, фарзандларим менга яхши қараши учун уларга яхши тарбия беришим керак. Лекин мен ўзим узоқда бўлсам, қандай қилиб тарбия бераман?»
Қариндошларимнинг камида 8-9 таси муҳожирликда, бир бизда шундай ҳолми деб атрофга назар соламан. Йўқ, ҳар қадамда, ҳар бир оилада бор бу воқелик. Қишлоғимдаги кўпчилик, синфдошларимнинг ҳам бештаси кетиб улгурибди. Яқинда бир дугонам турмушга чиққан эди, 15 кун ўтар-ўтмас куёви тўй қарзларини узиш учун Россияга кетибди.
Ўзимча бу воқеаларнинг саноғига етмоқчи бўлиб, атрофга аланглайман. Наҳот бир инсон бўлмаса, яқиним бағримда, оиламда дейдиган. Кимнингдир отаси, кимнингдир ака-укаси, бошқа бировнинг бутун оиласи ўзга юртларда. Бир оиладан битта, бир маҳалладан 10, бир қишлоқдан 20, бир вилоятдан минг, бутун Ўзбекистонданчи? Неча минг одам ота-она, бола-чақа, маҳалла-кўйдан узоқда? Нечта ота фарзандининг биринчи қадамини кўра олмади? Нечта она қариндошига ташлаб келган боласининг суратини кўксига босиб йиғлайди? Қаҳратонда, очликда қўллари қадоқ бўлганча тер тўкаётган акам, укам қариганда соғлигини топа оладими?
Рақамларга юзлансак, Россияга 2021 йилда ишлаш мақсададида келаётган ўзбекистонликлар сони 3 миллиондан ошган. Россия ИИВнинг хабар қилишича, 2021 йилнинг январь — сентябрь ойларида Россияга ишлаш мақсадида энг кўп Ўзбекистон фуқаролари келган — 3 054 180 киши.
Юрагинг ачишади, ота меҳрини кўрмай ўсаётган болаларга, йиллаб фарзанди, умр йўлдоши йўлига термулган аёлларга, энг аламлиси, тирик кетиб, тобути қайтган юртдошларимизга.
Россияда ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг 5 нафар фуқароси ҳалок бўлди, Россияда 22 ёшли йигит баландликдан йиқилиб ҳалок бўлди, ёнғин оқибатида 52, бошқасида 15 киши, яна бирида 11, куни кеча эса яна 4 киши айни шу сабабдан вафот этган.
Тасаввур қиляпсизми?
Улар ҳам фарзандини яхши ўқитиш учун, яхши едириш, кийдириш учун, яхши боғчаларда, яхши мактабларда ўқитиш учун, тўй қилиш, фарзандларини уй-жойли қилиш учун ҳаракат қилаётганди.
Эвазигачи?!
Лекин… Бу кўрсаткичлар ошишда давом этаверади, юртдошларимиз Россияга кетаверади, ўша ерларда ҳалок бўлаверади. Чунки орзу-истаклар рўёби учун пул керак, пул топиш учун эса ишлаш. Одамлар муносиб иш ҳақи қаерда бўлса, ўша ерда ишлайди. Қозоғистонда бўлса, Қозоғистонда, Россияда бўлса, Россияда.
Кўпчиликда Ўзбекистонда яшашга бўлган иштиёқ сўнаяпти, ишсизлик, порахўрлик, ҳақсизлик, етишмовчилик бутун
миллат фожиасига айланмоқда.
Етишмовчиликдан қийналаётганлар ишлаш учун юртдан узоқларда юрибди. Ўқиётган, яхши пул топишни бошлаганлар ҳам кетиш иштиёқида, вазият бўлди дегунча Ватанни тарк этади.
Қолганларчи? Қолганлар оиласини ташлаб кетишга кўзи қиймай, у ойликдан бу ойликка аранг етиб олаётганлар. Улар бор қобилиятини оч ва ялонғоч қолмасликка сарфлаяпти. Лекин улар ҳам фарзандини яхши ўқисин, тил билсин, Ўзбекистонда қолиб кетмаса бас деган ниятда тарбияламоқда.
Қолганлардан яна бир тоифа борки, курсисига маҳкам ёпишиб олаётганлар, ислоҳотларни «кабинет»идан ташқарига чиқара олмаётганлар. Шулар сабабли таълим чириган, ўқишга кира олмаган бола пул топиш учун Россияга кетади, олий маълумотлиси ҳам иш топилмаганидан барибир кетади.
Шулар туфайли монополия юзага келган, рақобат йўқ. Муносиб иш ҳақи қаерда бўлади, муносиб шароит бўлган жойда. Муносиб шароит бўлганида эса завод, фабрикалар қурилади, мунтазам ишлайди, соғлом рақобат пайдо бўлади. Ана энди бозорда рақобатчи нафақат харидор, балки ўз ходими учун ҳам рақобатлашади, яхшироқ тўлайди.
Муҳожирликда топган пулимнинг ярмини Ўзбекистонда топа олганимда эди, ҳеч қачон оиламдан узоқда бўлмас эдим деганлар сон мингта.
Адолатнинг шуми дунё? Тупроғи ости олтин, кўмир, газ, қазилма рудаларга, бойликларга, очилмаган хазиналарга тўлиб тошган юртнинг бир оддий фуқароси, оила бошлиғи 400-500 доллар топиш учун йиллаб оиласидан узоқда яшашга мажбур бўлсая? Бир ўтиришда шунча пулни еб юборадиган айримлар эса ҳанузгача фақат гапириш билан банд.
Гапирилаверади… Режалар тузилаверади… Аммо ҳеч нарса ўзгармайди.
Қийналаверади… Кетаверади… Бир оиланинг ҳаёти остун-устун бўлиб кетади.
Шахруза Сатторова