Аввалроқ, Сурхондарё вилоятидаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра, 2021 йил 7 декабр куни соат 03:57да Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида чақнаш содир бўлган. Натижада савдо мажмуа биноси деворлари қулаб тушган.
Ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси сафарбар этилган. Ҳукумат комиссияси таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.
Портлаш оқибатида тан жароҳати олган 9 нафар фуқаро шифохонага ётқизилиб, вайрона остида олиб борилган қидирув ишларида икки нафар ҳалок бўлган фуқаро жасади топилган эди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар беришича, Деновдаги портлаш бўйича жиноий иш доирасида уч кишига “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.
“Деновдаги савдо мажмуасида юзага келган чақнаш ҳодисаси бўйича тергов қилинаётган жиноят иши доирасида 15 декабрь куни Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи, Ҳудудгаз Сурхондарё газтаъминотининг 2 нафар ходими жами 3 нафар шахсга Жиноят кодексининг 116, 214-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.