Сўнгги пайтларда қизлар ва аёллар ўртасида содир бўлаётган жиноятлар тез-тез учраб турибди. Ҳафта давомида тарқалган янгиликлар ичида бирортаси албатта шу ҳақида бўлади. Боласини сотган, ташлаб кетган қизлар, турмуш ўртоғини, оила аъзоларини ўлдиришга жазм қилган аёлларнинг сони камайиш ўрнига ортиб бормоқда. Қуйида мана шундай ҳолатлардан бири тафсилотларини келтириб ўтамиз.
Жорий йилнинг 5 декабрь куни соат 18:00 ларда Косон тумани «Қорабайир» маҳалласида яшовчи Э.Ж. маст ҳолатда турмуш ўртоғи М.Х.ни ҳақоратлаб, уриб-тепиб, томоқ соҳасидан буғиб олган. Чорасиз қолган аёл эрини қўлидан чиқишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, кучи етмаганлиги сабабли охирги чора сифатида ёнида супадаги сават устида турган ошхона пичоғини олиб, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, турмуш ўртоғининг чап қўлтиқ ости соҳасига бир марта санчиб олган. Натижада, эр бўлмиш Э.Ж. олган оғир тан жароҳати туфайли вафот этган.
Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан М.Х.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Катта эҳтимол билан аёлга Жиноят Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланса керак.
Чунки терговчиларимиз, судьялар, прокурорлар Жиноят кодексининг 98-моддаси (Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш) ёки 100-модда (Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш)ни ҳисобга олишмайди. Ноқонуний ҳаракатлардан азият чекиб қотиллик ёки танага оғир шикаст етказган шахс муюлишда пичоқ билан қурбонни кутиб турган жиноятчига тенглаштирилади?
Аёлларни зўравонликдан давлат шунчалик суст ҳимоя қилса, аёллар ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлсалар, нега бу аёллар ашаддий жиноятчиларга тенглаштирилади? Нима учун қонуннинг тегишли моддаларига қарамай, уларга қотилларга сингари муомала қилишади?
Шу ўринда яна бир савол туғилади, турли мамлакатларда тажовузкорларни ўлдириб қўйган зўравонлик қурбонлари — аёлларни қонун қандай ҳимоя қилади?
Эркак хотинига икки қизларини ўлдириш билан таҳдид қилган. Аёл уни ўлдирди. Суд аёлнинг ҳаракатларини оқлади.
Туркия
12 йиллик турмушида 31 ёшли анталиялик Мелек Ипек доимий зўравонлик муҳитида яшаган. Эркак ўлдириш билан таҳдид қилгани учун полицияга хабар беришдан қўрқиб узоқ йиллар сукут сақлаган.
7 январь куни кечаси 36 ёшли Рамазан Ипек соатлаб хотинини калтаклаган, сўнг қўлига кишан тақиб, зўрлайди ва уйдан чиқиб кетади.
«Ҳимоя ордери ҳам ёрдам бермайди. Мени қамашса ҳам чиққанимдан кейин сени ва болаларни ўлдираман. Сени ўлдиргач, майда бўлакларга бўлиб, итларга ем қиламанки, биров сени ўлик ҳолингда ҳам танимайди”, – дейди Рамазан.
Мелекнинг сўзларига кўра у ўзининг ва болаларининг хаёти учун қўрқди. Аёл ов милтиғини олиб, эри қайтгач, уни отиб ўлдиради.
Прокуратура айбланувчи учун 6 йил қамоқ жазосини сўраган. Суд узоқ вақт уй зўравонлиги қурбонлари бўлган болаларнинг кўрсатмаларини инобатга олади. Анталия суди аёл ўзини ҳимоя қилгани учун мазкур ишда жиноят таркиби йўқлигини қарор қилади.
«Кечинмаларимни тасвирлаш қийин. Мен эримнинг ўлимини ҳеч ҳам истамаганман. Мени қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлигимни билдираман”, – деди Мелек Ипек.
Франция
Францияда Жаклин Соваж оиладаги зўравонлик қурбонларининг рамзига айланди – у ўзини қутқариш учун қотилликка қўл урди.
Жаклин Соваж Нобер Марот билан 47 йил бирга яшади (1965-2012), ундан ўғил ва уч қиз туғади. Эркак мунтазам ичиб, хотини ва болаларини урар, бундан ташқари, Жаклинни зўрлаб келарди. Қизлари катта бўлгач эса уларнинг ҳам номусига тегади. Шундай қилиб, у 16 ёшида қизларидан бири билан жинсий алоқа қилган. Жаклиннинг ўғли 2012 йил сентябрь ойида оилавий вазият туфайли ўзини осиб ўлдирганиданкейин аёлнинг кўзи очилади. Эртаси куни аёл эрини ов милтиғи билан уч марта отиб ўлдирди. Аёлни ҳибсга олиб қотилликда айблашади. Қизлар онанинг ҳаракатини қўллаб-қувватладилар ва унинг айбсизлигини айтишарди. Улардан бири отасининг ўлими ҳаммалари учун енгиллик келтирганини айтади.
2014 йилнинг октябрь ойида Жаклин айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилади. Апелляция суди бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, 2015 йил декабрида қарор қабул қилди: ҳукм ўз кучида қолди. Ўша пайтдан бошлаб аёлни қўллаб-қувватлаш учун оммавий кампания янада қизғин тус олди. Жаклинни озод қилишнинг ягона йўли – Франция президентининг афв этишидир – ўша пайтда амалдаги президент Француа Олланд эди.
2016 йил 29 январь куни Олланд Жаклиннинг қизлари ва адвокатлари билан учрашади. Бир неча кундан кейин у Соважни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилганини эълон қилди –бир неча ойдан сўнг у озод қилинди.
Шахруза Сатторова