“Қонун номи билан”: Тирик қолишга уриниш жинояти

Ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод туманида 51 ёшли эркак 15 ёшли ўгай ўғли томонидан ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, айбланувчи эркакнинг шаръий никоҳдаги иккинчи хотинининг 15 ёшли ўғли бўлган.
Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, воқеа 2021 йилнинг 10 декабрь соат 23:55 да содир бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Деҳқонобод туман прокуратураси томонидан вояга етмаган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 100-моддаси (Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят процсессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Хўш, ўзи зарурий мудофаа чегараси нима?

Зарурий мудофаа — жиноят ҳуқуқида ҳужумдан қонуний тарзда ҳимояланиш.
Одатда, қонунда Зарурий мудофаа ҳолатида қилинган ва тажовузчига шикаст ва зарар етказган ҳаракат, агар у З. м. чегарасидан чиқмаган, яъни ҳимоя хавф-хатар характерига мос бўлса, жиноят деб топилмайди, ижтимоий хавфли ва ҳуқуққа хилоф қилмиш саналмайди, жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 ва 27 моддаларида, Ўзбекистон ЖК 37 моддасида ҳар бир фуқаронинг ўзини ва бошқа шахсларни, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини фаол ҳимоя қилиш ҳуқуқи ифодаланган.

Де журе, агар жабрланувчи тажовузкордан қутулиш учун унинг саломатлигига шикаст етказса, жиноий таркиб мавжуд, деб топилмайди.

Бу тизим Ўзбекистонда қай даражада ишлайди?

Республика қонунчилигига кўра, Жиноят кодекснинг 100-моддасида айнан Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш ҳолати белгилаб қўйилган. Натижада, мазкур вазиятда малакаланган жиноятлар учун 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Тажрибада…

Зарурий мудофаага қўйиладиган талаблар қуйидагилардан иборат:
• Бу тажовузкорга қарши қаратилган бўлиши керак.
• мудофаа ҳаракати зарур бўлиши керак. Бу ерда қочиш мажбурияти бор ёки йўқми, мудофаа ҳаракати ҳужум қилинган томон ўз ҳуқуқлари ёки манфаатларига таҳдидни олдини олишнинг ягона йўлими ёки йўқлигини кўриб чиқади.
• ҳужум ва мудофаа ҳаракати ўртасида оқилона боғлиқлик бўлиши керак. Бунда таҳдид қилаётган томон табиати ва хавфсизлиги бузилган томон табиати ўртасида мутаносиб боғлиқлик бўлиши шарт эмас.
• ҳужум қилинган шахс ўзининг зарурий ҳимоясини амалга ошираётганини билиши керак.
Одатда, суд шахснинг шахсий ҳимоясига таянадиган ҳар бир ҳолатда юқоридаги омилларни кўриб чиқади.

Судлар томонидан потенциал равишда энг кўп текширилиши мумкин бўлган омиллар, биринчидан, яқинлашиб келаётган ҳужумнинг мавжудлиги, иккинчидан, ҳужумга қарши мудофаа ҳаракатининг мутаносиблиги.

Биринчи инстанцияда судлар ҳужум бошланганми ёки йўқми, мудофаа ҳаракати ҳужум давом этаётган вақтда амалга оширилганми ёки йўқми, кўриб чиқади. Шундагина бу талаб қондирилади. Дастлабки ҳужум тугаганидан кейин қасос олиш ўзини ҳимоя қилиш ҳаракати сифатида кўриб чиқилмаслиги керак.

Бундан ташқари, ўзини ҳимоя қилиш ҳаракати ҳужумга мутаносиб бўлиши керак. Судни қуролсиз босқинчига зарба берганидан кейин отиб ўлдирган шахс ўзини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилганига ишонтириш нотабиийдир.

Умуман олганда, мазкур жараён юз берганида жабрланувчи ва бир вақтнинг ўзида жиноятчига ҳам айланаётган шахслар кўпроқ жавобгарликдан кўра, ҳимояга муҳтожроқдир. Қонунчиликка киритилиши кўзда тутилган қатор ўзгартиришлар қаторига ушбу ЖКнинг 100 моддасини ҳам киритиш ўринли бўлар эди.

Мавзуга оид:

Қашқадарёда аёл «эрини ўлдирди» эмас, ўзини ҳимоя қилди!