Бугун Қўшработликлар даврасига бориб қолсангиз, айланиб-айланиб майиздан гап очишади. Бу йил ҳосилнинг мўл бўлгани, лекин тайёрланган майиз бозорда сотилмаётганидан нолишади. Собиқ Шўролар замонида тайёрлов идоралари бўларди. Улар ҳовлима ҳовли юриб энг паст навли майизни ҳам одамларни рози қилиб олиб кетишарди. Яна буёғига «харидор бўлмаса, нима ҳам қилардик?» деб «ух» тортиб ҳам қўйишади. Эрондан ёки Хитойдан келаётган харидорни бозорга ким киритмаяпти, бу соҳа ҳам мабодо монополия қилиб олинмаганми, божхона-сожхона дегандай?!
Қолаверса, «сизга бозор излашга, дунё бозорига маҳсулот олиб чиқишга ким йўл бермаяпти?» десангиз ранги гезариб, «қўйе-ей, мени сиёсатга аралаштирма!» дея қочиб қолишади.
Бу сиёсат тагида бугун сенинг, оилангнинг, болаларингнинг тақдири ётибди. Сен мендан эмас, ўзингдан, болаларинг тақдиридан, муаммолар ечимидан қочаяпсан, биродар!
Биламан, ҳозир мен сенга Американинг World Justice Project ташкилоти: Ўзбекистонда мулк дахлсиз эмаслиги бўйича, 139 давлат ичида, 138 ўринни берибди десам, сен қовоғингни уюб: «Америка бизни кўролмайди» деб жавоб берасан.
—Хўш, гринкарт билан АҚШга кетган ўғлинг у ердан долларлар жўнатаётганда, келининг телефон сўзлашувларида бу ерда ҳаёт жаннат эканлигини, инсон учун, унинг бахту саодати учун барча нарсалар муҳайё эканини айтганида, нега миқ этмайсан?
Менинг қариндошларим юз йиллардан бери узумчилик билан шуғулланишади. Худди баҳорги ёмғирни интиқ бўлиб кутгани каби, бозорда майизга харидорни ҳам шундай интизор бўлиб кутишади. Лекин ўзлари дунё бозорини ўрганишни, майизни қадоқлашни ва шартномалар тузиб дунё бозорига уни етказиб бериш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди.
Менга бир нарса алам қилади: Россияда, Истанбулда арава судраб юрган ҳам менинг ўзбекларим. Биронта озарий бу ишни қилмайди. Улар сипо ва сердаромад ишни, савдо билан шуғулланишни хуш кўришади.
Бугун Қўшработни бошқа оғриқли муаммолар ҳам борган сари қийин аҳволга солиб қўймоқда. Зармитан олтин заводи ва ундан чиққан заҳарли сувнинг очиқ ҳавзага ташланиши, нафақат ҳайвонот оламини, балки атроф жонибдаги одамлар соғлигига ҳам жиддий зарар етказмоқда.
Бу ўткир муаммо аллақачон мутасаддилар олдига кечиктириб бўлмас вазифа қилиб қўйилиши керак эди. Таассуфки, эътиборсизлигимиз, жинояткорона лоқайдлигимиз, ёш авлод олдидаги масъулиятсизлигимизни юзага чиқармоқда.
Биз сиёсат ичида яшаймиз. Сизнинг майизингизга харидор келмаётгани, сассиқ ҳаводан нафас олаётганингиз ҳам сиёсат! Жасоратли халқ ўз тақдирини бировнинг қўлига топшириб қўймайди. Сиёсатдан қочиш эмас, муаммоларни ҳал қилиш йўлларини, ечимини излайди. Бунинг учун мамлакат конституциясига, мавжуд қонунларга таянади. Қонун олдида эса ҳамма тенг. Хўш, бунинг нимаси гуноҳ?
Умид Сориев