Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокимлигига тегишли 2017 йилда ишлаб чиқарилган Nexia-3 автомашинаси аукционда 33,3 миллион сўмга сотилди.
Вилоят ҳокимлиги давлат рақами 50 092 DAV бўлган Nexia-3 нинг бошланғич қийматини 30,03 миллион сўм этиб белгилаган. Аукцион савдоси 20 дақиқа давом этган. Якуний натижаларга кўра, автомобилни Махамаджон Бадалов сотиб олган.
Шундан сўнг «Уйчиликмиз» Telegram каналига «Уйчи туман ҳокимлиги 3000 долларга Nexia-3 автомобили сотиб юборадиган даражада аҳмоқми?» сарлавҳали пост жойлаштирилди. Унда айтилишича, аукцион савдо тури танловгача ёпиқ бўлиб, кейинчалик «очиқ»қа ўзгартириб қўйилган. Аукционда иштирок этиш учун 3 нафар талабгор ариза топширган.
Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, танлов ғолиби Махамаджон Бадалов туман ҳокими ҳайдовчиси бўлиб ишлайди.
Бундан ташқари, Уйчи туман ҳокимлигининг билдиришича, бюджет ташкилотларининг бинолари ва иншоотлари (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотлари), автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситалар қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин «E-ijro auksion» ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда сотилиши белгиланган.
Бироқ туман ҳокимлиги бу талабни бузиб, автомобилни «Регионлараро мулк маркази» МЧЖ Наманган вилояти филиалининг очиқ савдоларига қўйган.
«Ҳозирда мазкур автотранспорт воситасини ‘Регионлараро мулк маркази’ МЧЖ Наманган вилояти филиалида очиқ савдоларда сотиш юзасидан тузилган шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан судга даъво аризаси киритиш чоралари кўрилмоқда», — дейилади туман ҳокимлиги расмий муносабатида.
Қайд этилишича, автомобиль айни вақтда туман ҳокимлигининг ҳовлисида сақланмоқда.