Республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёни ҳамда Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан 2021 йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида Янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас дея хабар берилган эди.
Халқ таълим вазирлиги мактабларда янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ хабарномага қўшимча изоҳ берди.
Унга кўра, халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларига Янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш билан боғлиқ чеклов юзасидан тегишли хати нотўғри талқин қилинган.
Умумтаълим мактаблари ҳудудида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.
Шу билан бирга мактабларда пул йиғимлари ҳамда ота-оналарнинг эътирозларини олдини олиш мақсадида ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шаҳобчаларида мактаб ўқувчиларига Янги йил байрамини ўтказиш тавсия этилмаслиги таъкидланиб ўтилган.
Республика махсус комиссиясининг турли хил корпоратив байрам ва кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ тақиқлар вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига татбиқ этилганлигини маълум қиламиз, дейилади хабарда.