Журналист ҳар бир сўзига масъул бўлиши лозим. Блогер-чи?

Журналист воқеани ҳаққоний ҳолда ва бетарафлик тамойили асосида ёритиши лозим. Ҳар кимнинг ҳам айтганлари ҳақиқат бўлавермаслиги унутмаслик керак. Асл журналист ҳеч вақт битта манбага таяниб мақола ёки хабар ёзмайди. Манба камида иккита бўлиши зарур.

Даъво ва далил, шахсий нуқтаи назару фикр бир-биридан тубдан фарқ қилади. Даъво далил бўла олмайди. “Инсайдерларнинг маълумотига қараганда фалонча ана шунча миқдорда пора олди” деб даъво қилишдан аввал манбадан аниқ далил келтиришини талаб қилиш одат тусига кириши лозим. Чунки далилсиз даъво бу кимгадир қилинган бўҳтондир. Бунинг учун эса жазо муқаррар.

Аксарият журналистларимиз соҳанинг юқорида келтирилган қоидаларини ва касб этикасига доир бошқа талабларни яхши билишади. Аммо журналистиканинг олтин қоидаларидан бехабар, фақат шов-шув орқасидан қувиб, сохта обрў ортириш илинжида бўлган касбдошлар топилади. Айниқса, бундайлар блогерлар орасида кўп учрайди.

Инсайдерларга таяниб, ўринсиз ва асоси бўлмаган даъво билан чиқиш блогерни жазодан сақлаб қолмайди. Оммавий ахборот воситаси ёки масъул шахс чиқишида кўтарилган факт ва рақамларга таянган ҳолда бирор бир камчилик ёки коррупцион ҳолат ҳақида сўз юритган жуналист ё блогер жавобгарликка тортилмайди.

Албатта, манбани кўрсатмаслик мумкин. Аммо келтирилган факт ва рақамлар асосли бўлоғи лозим. Аниқ далил кўрсатмасдан фалончи масъул фалон лавозимга тайинлаш учун шунча пул оларкан” деган даъво билан блогер ўз мавқеидан кимнингдир обрўсини тўкиш йўлида фойдаланмаслик лозим.

Камчиликлар ҳақида тинмай гапириш, танқидий мақолалар ёзиш, порахўрлик ва мансаб суиистеъмоли ҳақида бонг уриш керак ва зарур. Бусиз ривожланиш бўлмайди. Аммо ҳаммаси аниқ далилга асосланиши лозим. Бировга, ҳатто биз ўзимизча энг ёвуз ва порахўр деб билган шахсга ҳам аниқ далилсиз даъво билан чиқишимиз бу туҳмат сифатида баҳоланади.

Журналистика бўйича бир қўлланмада таъкидланганидек, журналист ҳар доим ўзига «Мен адолатли бўлаяпманми?», «Самимий бўлаяпманми?» деган саволларни бериши керак.

Тошпўлат Раҳматуллаев