Чекка қишлоқдами, шаҳар марказидами – билими бор ўқувчининг таълим олиши учун етарли имконият бор– Ҳилола Умарова

Тошкент ёшлар форумида Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова ҳамма эътибор Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларга қаратилаётгани, чекка қишлоқ таълим муассасалари эса эътибордан четда қолиб кетаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Ўнинг таькидлашича, ҳудудлар кесимида неча фоиз боланинг ота-онаси зиёли, неча фоизининг онаси уй бекаси эканлиги таҳлил қилинган. Президент мактаблари ўқувчилари орасида дейлик, ветеринар, фермер ва ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам кўп.

«Президент мактаблари локомотив сифатида бошқа мактабларга таълим методикасини олиб киради. Ҳозир қаерда бўлмасин, ота-она фарзандини яхши мактабга жойлаш учун репетитор йўллаб ҳаракат қиляпти. Чекка қишлоқдами, шаҳар марказидами – билими бор ўқувчининг таълим олиши учун етарли имконият бор», деган Ҳилола Умарова.

Чекка қишлоқдами, шаҳар марказидами – билими бор ўқувчининг таълим олиши учун етарли имконият бор? Мана шу сўзни қайта-қайта ўқияпман-у, лекин ишона олмаяпман. Биз фақат кўзимизга кўринган нарсалар орқали хулоса чиқаришга ўрганиб олганмиз. Тўғри-да, қорни тўқни қорни оч билан нима иши бор?

Кўпчилик қишлоқ ёшлари билан мулоқот қилганимда уларда ўзига ишонмаслик ҳисси борлигини сезаман. Менинг отам оддий деҳқон ёки чўпон бўлса, мен қандай қилиб давлат ташкилоти раҳбари бўла олар эдим каби хаёл билан яшайди баъзилар. Чунки ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган турли кўрик танловларда ҳам бой оила фарзандларининг, ютиб кетиши уларнинг онгида мана шу тушунча шаклланиб қолишига сабаб бўлган.

Шу ўринда Чарли Чаплиннинг бир ҳикояси ёдимга тушиб қолди: “Мен анча машҳур бўлиб кино оламида юлдуз бўлганимдан кейин ҳар хил жойларда “Чарли Чаплинга ўхшай оласизми?” деган мусобақалар уюштирила бошланди. Шунда битта мусобақага ўзимни танитмай бошқача гримда келдим. Қатнашиш истагини билдириб ариза бердим. Мени қабул қилишди. Мусобақада қатнашдим ва иккинчи ўринни олдим. Биринчи ўринни эса мусобақа раҳбарининг ўғли олди!» Лекин бу ҳақиқат эмасми? Айни вақтларда ён атрофимизда содир бўлаётган воқеалар эмасми?Ҳали ҳам мансабга қараб муомала қилиш давом этмаяптимикан?

Энди ўзингиз ўйланг, бўз мактаблар шароити қандай-у, унда қандай малакага эга педагоглар таълим беради? Улар ўқитган бола ким бўлиб чиқади? Беш-олтита бола ўқиши учун шунча овворагарчилик шартмикин деб ўйлаяпти баъзилар? Нима, улар одам эмасми? Мана шу замонда яшаётган инсон сифатида ўзининг ҳуқуқини талаб этишга ҳаққи йўқми?