2021 йил йўқотишлари

Таниқли ёзувчи Саъдулла Сиёев 21 февралда узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. У 82 ёшга кирганди.

Ёзувчи Саъдулла Сиёевнинг қисса ва ҳикоялардан иборат «Ёруғлик» (1986), «Бепарво бўлмоқчиман» (1990) китоблари ҳамда «Аваз» (1987) романи, 1993 йилда «Яссавийнинг сўнгги сафари», 1997 йилда эса «Ҳақиқат йўли» деб номланган иккинчи китоби чоп қилинган. Бу китобларда Аҳмад Яссавий ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўзбек адабиётининг замонавий болалар ёзувчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Худойберди Тўхтабоев 22 март куни 89 ёшида вафот этган.

Адибнинг “Омонбой ва Давронбой”, “Сариқ девни миниб”, “Йиллар ва йўллар”, “Беш болали йигитча”, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида”, “Жаннати одамлар” каби китоблари жуда машҳур.

Айниқса, “Сеҳрли қалпоқча” эртак-қиссаси бир неча тилларга таржима қилинган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,  «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов 9-июн куни 73 ёшида вафот этган.

28 июл куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори, филология фанлари номзоди Бойбўта Дўстқораев вафот этган.

Б.Дўстқораев анча йиллардан бери инсулт билан касалланиб келар эди. У 1942 йили Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Оқтўнли қишлоғида туғилган.

36 ёшда бўлган журналист Саид Махсумов 20 сентабр куни Қорақалпоғистондаги бахшилик фестивалидан қайтаётганда аварияга учраб, ҳалок бўлди.

Саид Махсумов Тошкент вилоятида туғилган, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултетини тамомлаган. Кўп йиллар давомида «Маърифат» ва «Халқ сўзи» газеталарида ишлаган.

Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов 16 апрель куни 58 ёшида вафот этди.

Мирза Азизов юксак даражадаги мусиқали театр актёри сифатида “Юсуф ва Зулайҳо”да Фиръавн, “Фарҳод ва Ширин”да Баҳром, “Нодирабегим” мусиқали драмасида Мадалихон, “Алпомишнинг қайтиши” спектаклида Алпомиш образлари орқали томошабинлар меҳрини қозонган эди.

Шунингдек, кинодаги кўплаб роллари орқали ўзбек томошабини қалбидан жой олган эди.

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев 16 май куни76 ёшида вафот этган.

Кўплаб спектаклларга режиссёрлик қилган Баҳодир Йўлдошев актёр сифатида Олчинбек («Оловли йўллар»), Мухторов («Тоғдаги учрашув»), Шерзод («Олмос камар»), Собиров («Ошпаз») каби образларни яратган.

Шунингдек, унинг режиссёрлигидаги «Гап йўқ» кўрсатуви ҳам томошабинлар хотирасида қолган.

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актёр Бахтиёр Ихтиёров 21 нрябр кини 81 ёшида вафот этган.

Бахтиёр Ихтиёров сермахсул ижоди давомида «Ёр-ёр», «Ажойиб ҳаёлпараст», «Ўтган кунлар», «Нодирабегим», «Еттинчи жин», «Абу Райҳон Беруний», «Еттинчи ўқ», «Шум бола» каби жуда кўплаб фильмларда ажойиб ролларни ижро этган.

Замонавий «дубляж қироли» Санжар Саъдуллаев 4 декабр куни 67 ёшида вафот этган. Жанозаси Тошкентдаги Минор масжидида пешинда ўқилди.

Санжар Саъдуллаев Тошкент давлат театр ва санъат институтини тамомлаган. Дубляжда кўплаб Болливуд ва Ҳолливуд юлдузлари, Туркия ва Корея сериалларидаги актёрларга овоз берган.

Болалар хори санъатининг фаол тарғиботчиси, хор дирижёри, бастакор Шермат Ёрматов бугун вафот этди

Шермат Ёрматов 1939 Фарғона туманида туғилган. 1967 йилда Тошкент давлат консерваториясини хор дирижёрлиги мутахасислиги бўйича тугатган.

«Соғлом авлод учун» ордени, Ўзбекистон халқ артисти мукофотига сазовор бўлган.

Шахруза Сатторова тайёрлади