Жорий йилнинг дастлабки чорагида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг XIII ялпи мажлиси доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қонунга зид қарорларини бекор қилиш масаласи кўрилга эди.
Ушбу мажлисда бекор қилинган қарорлар қаторида Халқ депутатлари Миришкор тумани кенгашининг 2020 йил 19 ноябрдаги «Миришкор туманидаги айрим фермер хўжаликлари томонидан ажратилган ер майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш аҳволи, 2020 йилда давлатга пахта сотиш бўйича тузилган контракция шартномаларининг бажарилишини таъминлаш чора- тадбирлари тўғрисида«ги 67/16-6 сонли қарори қонунчиликка зид деб топилиб, бекор қилиниши белгилан.
Буни қарангки, орадан қарийб ўн ойга яқин вақт ўтганига қарамай, ҳануз фермерларнинг ҳқуқлари тиклаб берилгани йўқ.
Ўз ҳуқуқларининг тикланиши умидида бўлган фермерларнинг сўзларига кўра, туманнинг Дўстлик маҳалласида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фермерларга ажратилган ер майдонлари 2020 йил ноябрь ойида фермерларнинг розилигисиз, Халқ депутатлари Миришкор тумани кенгаши депутатлари иштирокида муҳокамага қўйилиб, қайтариб олинган. Ҳудудда фаолият олиб бораётган фермерларнинг айтишича, уларга 49 йилга ижарага берилган ерларда ҳозирда кластер фаолият кўрсатмоқда. Сенатнинг қарорни бекор қилиши эса, самарасиз қолмоқда.
Бир неча бор ҳокимлик вакиллари билан учрашишга уринган фермерларга берилаётган жавоб фақатгина манфийдир.
Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Абдиназаровга мурожаат қилган фермер Ғолиб Махатов антиқа жавоб олганини айтади:
— Бу ўринбосарга, Сенат раисининг қарори борку, нега ерларимиз қайтарилмаяпти деб юзланганимзда, «Танзила Норбоева қарор чиқарган бўлса, келиб масалани ўзи ҳал қилиб берсин» деб айтди» , – дейди фермер.
Ўзбекистонда қонунга етарли даражада амал қилинмаслиги халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилгани бор гап. Аммо, ҳокимиятнинг энг юқори турувчи бўғини билан ҳам «бирга-бир» қарши чиқа оладиган ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари қандай синмас тоғга суянган эканки, бу қадар очиқ гапира олса?
Саволлар кўп, саволлар бисёр. Айниқса, пастдан юқорига ҳайқирадиганлар жойида… Биз эса, ҳолат юзасидан масъулларнинг муносабатини кутиб қоламиз.
Мавзуга оид:
«398 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланиб, қамров 49 фоизга етказилади.»