“398 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланиб, қамров 49 фоизга етказилади.”

Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Бердиалиевич Азимовнинг вилоятни 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йил учун белгиланган вазифалар юзасидан халққа мурожаат қилмоқда.

«Вилоят аҳолисини энг кўп қийнаб келаётган масалалардан яна бири бу ички йўлларнинг ҳолатидир.
Вилоят ҳудудидаги мавжуд 18 минг 548 км ички автомобиль йўлларининг 47 фоизи ёки 8 минг 668 км таъмирга муҳтожлиги Муҳтарам Президентимиз томонидан эътиборга олиниб, бюджетдан ажратилган 329 млрд 500 млн сўм маблағ ҳисобидан 965 км йўллар ва 33 та кўприкда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам республикада энг паст даражада сақланиб қолмоқда. Шунга кўра, ажратилган 235 млрд 600 млн. сўм маблағ эвазига қурилиш ишлари бошланиб, 47 та ичимлик суви объектидан 30 тасида 427,6 км ичимлик сув тармоғи фойдаланишга топшириш арафасида, 17 тасида эса қурилиш ишлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 398 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланиб, қамров 49 фоизга етказилади.

Вилоятда электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда 1 500 км электр узатиш тармоқларида ва 400 дона трансформатор пунктларида қурилиш ва модернизация ишлари амалга оширилиши ҳисобига 479 та маҳалладаги 271 минг аҳоли хонадонига етказиб берилаётган электр энергия сифати яхшиланди.

Вилоятда газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 5 км газ тармоғи янгидан қурилди, 16 км газ тармоғи мукаммал ва 76 та газ тақсимлаш шахобчаси жорий таъмирланди, 1 074 та маиший газ баллонлар аҳоли хонадонларига етказиб берилди.
Бундан ташқари, аҳоли истеъмолчиларига 113 минг 135 та электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди», – дейди ҳоким.