Август ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган тунги рейдларнинг бирида аёл ҳайдовчи ўзини «замминистр»нинг иккинчи хотини эканини айтиб ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмагани акс этган видео тарқалганди. Маълум вақт муҳокама майдонида бўлган актриса Мадина Эшонқулова бугун яна «тренд»да.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Вторая жена замминистра» деб номланган МЧЖ ташкил этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Статистика қўмитасининг сайтида ҳам бу номдаги МЧЖ ҳақида маълумот мавжуд.
Маълумотларга қараганда, ушбу МЧЖ ҳақиқатда актриса Мадина Эшонқуловага тегишли. Актрисанинг ўзи ҳам бу маълумотни тасдиқлаб, МЧЖ кийим-кечак савдоси билан шуғулланишини айтиб ўтган.
Статистика қўмитасидаги маълумотларга кўра, МЧЖ 2021 йил 29 сентябрда рўйхатдан ўтган. «Orginfo.uz» сайтида бу МЧЖ номи «Paido low calarie drink» сифатида берилган.
Давлат хизматлари агентлиги эса ном қайта ўзгартирилгани ҳақида муносабат билдириб қуйидагиларни маълум қилди:
«Муҳокамаларга сабаб бўлаётган тадбиркор аслида бошқа ном остида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, 2021 йилнинг 22 декабрь куни Зангиота тумани Давлат хизматлари маркази орқали қайта рўйхатдан ўтказилган ва номини ўзгартирган. Муҳокамага сабаб бўлган тадбиркорлик субъектининг фирма номи, тадбиркор билан олиб борилган тушунтиришлардан сўнг белгиланган тартибда ўзгартирилди.
Ўз навбатида, тадбиркорлардан фирмаларига ном танлашда, уни ўзгартиришда қонун талабларига қатъий риоя этишларини сўраб қоламиз», – дейилади агентлик хабарида.
МЧЖ номи баҳс — муҳокамаларга сабаб бўлгач, қолаверса Ўзбекистон Республикаси «Фирма номлари тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасига асосан фирма номида:
давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи;
тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исми, белгиланган тартибда бериладиган рухсатсиз;
фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;
жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгилар кўрсатилмаслиги керак бўлгани сабаб ном такрор ўзгартирилган.