ЎзМУда баҳоси «миллион доллар» туриши айтилаётган китоблар йўқолган. Ректорат изоҳ беришдан қочяпти. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.
Айтилишича, 2018 йилда Ўзбекистон Миллий университетида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бир йил давом этган таъмирлаш ишлари давомида нодир қўлёзмалар сақланувчи университетнинг тарих музейидаги ашёлар типография хонасига кўчириб турилган.
Лекин университетнинг асосий биноси ва музей хоналари таъмирлаб бўлинганидан кейин ҳам музейдаги ашёлар, хусусан, нодир китоблар ва қўлёзмалар ўз жойига қайтариб қўйилмаган.
XIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалари ЎзМУ кутубхонасидан «сирли» тарзда ғойиб бўлган.
Бу масалада Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот хизматидан ҳам изоҳ сўралди. Вазирлик масъуллар томонидан вазият ўрганилиб, тез орада тегишли жавоб берилишини билдирди.
Бундан ташқари, ушбу масалада ЎзМУ Нодир қўлёзмалар музейидаги ашёларни қайта хатловдан ўтказиш учун тузилган ишчи гуруҳ қандай хулосалар бергани, ўзи умуман нодир қўлёзмалар музейидаги ашёларнинг сақланиши учун ким жавобгарлиги ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.
2019 йилда капитал таъмирдан сўнг нодир қўлёзмалар музейининг қайта очилмагани эса шубҳаларни каррасига оширмоқда.
Ҳолат юзасидан ОАВ ва кенг жамоатчиликка бирор тайинли изоҳ берадиган масъуллар топилмагани вазият жиддий ва хавотирли эканини кўрсатади.
Йўқолган китоблар яширин йўллар билан хорижга олиб чиқиб кетилган бўлиши мумкин. Боиси бундай китобларнинг дунё бозоридаги баҳоси бир неча миллион долларгача етади.
Бош прокуратура ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ушбу масалани жиддий ўрганишни сўраб қоламиз.