Уч юз миллион, арчажон, ён!

Йил бўйи интиқиб кутиладиган кунлар яқинлашмоқда — Янги йил! Аллақачон кўчаларда байрам шукуҳи кезиб юрибди. Ранг-баранг чироқлар, ялтир-юлтур безаклар ва албатта байрам маликаси — зеб берилган арчалар.
Ҳар бир туман, вилоят, шаҳар марказларида байрам арчалари ўрнатилиб бўлинди, уларнинг баланд, ранг-баранг қилиб ясатилганини кўриб кўзинг қувнайди киши. Айниқса, болажонларнинг қувончини айтмайсизми?

Арчалар нафақат инсоннинг кайфитани кўтаради, балки шаҳар кўркини очади. Қисқаси, бу мавсумни қорбоба ва байрам арчаларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Лекин… Ҳар бир туман, вилоят марказларида қад ростлаган «байрам маликалари»нинг «ясан-тусан»и ҳам ўз-ўзидан бўлмас? Бу ишлар учун катта миқдорда давлат харажатлари сарфланишидан сиз-у бизнинг хабаримиз бор.

Рақамлар билан юзлашадиган бўлсак,умумий қийматда,Жиззах шаҳрини байрамона безатиш учун 100 миллион, тўрт туманга эса жами 223 миллион сўм ажратилган.
Шаҳар ҳокимининг 16-декабрдаги фармойишига кўра, шаҳар молия бўлимига шаҳардаги Мустақиллик майдонига ўрнатиладиган марказий Янги йил арчаси ва Шароф Рашидов шоҳ кўчасини ҳамда шаҳарнинг гавжум жойларини байромона безаш мақсадида маҳаллий бюджетининг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 91,7 миллион сўм маблағни шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ажратиш вазифаси юклатилган.

Мирзачўл тумани ҳокимлиги 15 миллион сўм ва туман Ободонлаштириш бошқармасига 15 миллион сўм — жами 30 миллион сўм, Арнасой тумани кенгаши ҳам Президент арчасини безаш ва Янги йил байрам тадбирини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун 80 миллион сўм, Ғаллаорол тумани 50 миллион сўм,Зафаробод туман кенгаши Янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш ҳамда байрам дастурхони ташкил этиш учун 60 миллион сўмни туман ҳокимлигига, қорбобо ва қорқиз кийимларини харид қилиш учун 3 миллион сўмни эса туман ҳокимлигининг Маданият бўлимига ажратиш ҳақида қарор чиқарган.

Фарғонанинг икки туманида байрамни ташкиллаштириш учун 86,7 миллион сўм ажратилди.
Бувайда тумани ҳокимининг фармойиши билан ҳокимлик 80 миллион сўм, Бағдод тумани ҳокимининг 16-декабрдаги фармойишига биноан, туман ҳокими ўринбосарининг 14-декабр кунги билдиришини ижросини таъминлаш мақсадида 6,7 миллион сўм туман Маданият бўлимига ажратилган.
Самарқанд шаҳри кўчаларини безаш учун 250 миллион сўм.
Самарқанд шаҳар ҳокимининг 29-ноябрдаги фармойишига асосан, шаҳар ҳокимлигига байрам билан боғлиқ тадбирлар учун 298,6 миллион сўм ажратилган.Фармойиш иловасида Янги йил байрамини муносиб кутиб олиш учун шаҳар марказий кўчаларини байрамона иллюминация безаклари билан безатиш билан боғлиқ харажатлар учун 250 миллион сўм ажратилгани кўрсатиб ўтилган.

Қашқадарё вилоятининг уч туманида арча ўрнатиш учун жами 110 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратилган
Китоб тумани кенгашининг қарори билан туман ободонлаштириш бошқармасига 39 миллион сўм, Чироқчи тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳисоб-рақамига 72,4 миллион сўм маблағ ажратилишини таъминлаш ҳақида топшириқ берилган.
Оҳангаронда “байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида” 160 миллион сўм, Хоразм вилояти Урганч тумани марказий арчасини ўрнатиш мақсадида 186 миллион сўм сарфланган.
Келтириб ўтганимиз бир неча вилоят, туманлардаги ажратилган маблағлар холос. Бутун мамлакат миқёсида тасаввур қиладиган бўлсак, бу рақамлар жуда катта. Албатта, бу фикрлар билан байрам файзига файз қўшадиган арчаларнинг ўрнатилишига қарши эмасмиз.

Фақат, қорни қаппайган баъзи амалдорлар байрам баҳона дийдорни ғанимат билиб, халқ пулларини ўзлаштиришига қаршимиз холос. Ҳаётимизда ижтимоий муаммолар тиқилиб ётган бир пайтда ҳисоб-китобни ҳам унутмаслик керак. Амалдорлар сарфланадиган бу маблағлар ҳақида жамоатчиликка ҳисоб бериши шарт. Чунки айримлар орқа-олдига қарамай сочаётган, баъзан эса ҳавога учиб кетаётган ўша пуллар—халқники!

Ҳавога учиб кетаётган деган гапимизда ҳам,шубҳасиз, жон бор.

Мисол учун, 2019 йилда Сурхондарёнинг Денов туманида ўрнатилган 12 метрли арча ва Қўқон шаҳри марказидаги байрам арчаси ёнган. Самарқандда кучли шамол оқибатида байрам арчаси қулаган. Бундай ҳолатлар ўтган йили ҳам кузатилди. Фарғона шаҳар марказий деҳқон бозори кириш эшиги қаршисида ўрнатилаётган сунъий 4 метрли арчада ёнғин чиққан. Шунингдек, Навоий шаҳридаги марказий арча ҳамда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида «Шўртан» футбол клуби олдида ўрнатилган «байрам маликаси»ҳам аланга ичида қолди. Кеча ижтимоий тармоқларда тарқаган Самарқанддаги байрам арчаси қулагани ҳақидаги хабар ҳам сўзимизнинг бир исботи.

Шахруза Сатторова