Мактаб ўқувчиларининг қўлида пичоқ, тамаки, телефонида порнография!

«Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир«, дея таъкидлаган эди жадид бобомиз Абдулла Авлоний. Бироқ ҳозирги кунда ёшларимизнинг таълим ва тарбиясига бефарқ бўлиш натижасида турли кўнгилсиз кутилмаган воқеалар гувоҳи бўлмоқдамиз.Сўзимизнинг исботи сифатида Тошкент шаҳар ИББ бошлиғи генерал маёр Азиз Тошпўлатов пойтахт мактабларидаги вазият ташвишли эканини маълум қилганини келтириб ўтиш жоиз.

Болаларнинг бу аҳволга келишига ким сабабчи? Ота-онами, маҳаллами, ўқитувчими ёки атрофдаги дўстларими?

«Ўқитувчилар мактабда ўқувчиларни назорат қилишга, ўқув жараёнини ташкиллаштиришга, ўқувчилар йўқ бўлса — унинг келмагани сабабини билишга мажбур. Бор эътибор фақатгина олий таълим муассасаларига кирган болаларнинг фоизлар нисбатига қаратилиши керак эмас. Энг муҳими — ўқувчилар билан маънавий-ахлоқий тарбия ишларини ўтказиш», — дея таъкидлаган Тошпўлатов.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи полковник Равшан Султонхўжаевнинг сўзларига кўра, умумтаълим мактабларининг ўқувчилари орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайган.Умуман олганда ҳамма катта жиноятлар майда жиноятлардан бошланади. Бугун кичик, аҳамиятга эга бўлмаган ўғирлик қилган болага индамай қўйсангиз, эртага у бундан-да каттароқ жиноят содир этмаслигига ким кафолат беради?

Пойтахтдаги умумтаълим мактабларида ўтказилган текширувлар давомида айрим ўқувчилар сабабсиз дарсларга келмаётгани аниқланган. Ваҳолангки, ота-она болам мактабда ўқияпти деб ўйлаб юрган вақтда, кўп ҳолатларда компютерхоналарда атрофида ёмон тарафга тортадиган дўстлари билан юрган бўлади.

Масъулларнинг таъкидлашича, айримларининг ёнида ўткир-тиғли буюмлар топилган бўлса, баъзиларининг мобил телефонида порнографик материаллар борлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, вояга етмаганлар орасида электрон тамаки ва снюс (тутунсиз тамаки маҳсулоти тури) чекиш ҳолатлари аниқланган.

Бу эса бачканаликни, ҳурмарсизликни, «олифтагарчилик»ни эгнига тўн қилиб кийиб олиб, фақат бугуни учун яшайдиган, юртининг тарихи ва эртасига бефарқ бўлганлардан замондошларимиз! Бизнинг келажагимиз умиди дея жар солаётган ёшларимизнинг аҳволи!

Уйғон, миллат! Ўтмишингни, ўзлигингни унутиб қўймаслигинг учун уйғон!

Сендан кейинги авлодингга ибрат бўлиш учун кураш! Миллатинг таназзулга юз тутмаслиги учун кураш!

Лайло Эсанмуродова