Азалдан шарқ халқларининг аёллари гўзал ҳаёси, иффати, сабр-у матонати билан барчага ибрат тимсоли сифатида намоён бўлиб келган.
Аёл — баъзан ожиза, баъзан ҳимоячи. Ўрни келганда беғубор бола каби бўлган покиза қалб эгаси. Аммо, афсуски жамиятимизда мана шу номга доғ тушириб юрган баъзи бир аёллар учраб туради.
Сирдарё вилояти ИИВнинг хабар беришича, жорий йилнинг 24 декабр куни Сирдарё вилояти ИИБ ТЕҚКБ ҳамда ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Сирдарё туманида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 1978-йилда туғилган, оилали, Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани, Сайхун шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқаро И.С ўзининг танишлари бўлган 1984-йилда туғилган, ажрашган, Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, Деҳқонобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи К.М ҳамда 1994-йилда туғилган, ажрашган, Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳри, Қуёш МФЙда истиқомат қилувчи Қ.Дларини Туркия давлатига фоҳишалик билан шуғулланишга олиб кетаётган вақтида “Сирдарё” ЙПҲ масканида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.
Энг қизиғи эса фоҳишалик учун жўнатилаётган аёлларнинг ҳар иккиси ҳам оиласидан ажралган. Уларни бу «бизнес»га нима мажбур қиляпти? Йўқчиликми? Жоҳилликми? Қийинчиликми? Ёки биз билмаган яна қайсидир сабаблар? Бироқ жиноят жазосиз қолмаслиги муқаррар.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 135 моддаси 2- қисми “б,е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Лайло Эсанмуродова