Мана, тез орада узоқ кутилган янги йил ҳам кириб келади. Яна бир йил ортда қолди, яна бир йилни бой бергандирмиз, эҳтимол. Йил сарҳисобини қила туриб эришилган муваффақият, бой берилган имкониятлар, берилган ваъдалар-у, бажарилмаган амалларни бирма-бир ёдга оламиз.
Хотиралар билан юзлашар эканмиз, беихтиёр кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайдиган воқеалар эсга тушади. Ogoh.uz сайти мана шу каби гоҳ танқидга, гоҳ кулгуга сабаб бўлган «йил қовунлари»ни эътиборингизга ҳавола этади.
Йил қовунлари
1.Сирдарё вилоятида Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги 9-май кунги байрам тадбирида давлат мадҳияси ижроси вақтида ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар ходимлари қўлини қаерга қўйиши билмай шарманда қилгани ҳаммасидан ўтиб тушди ва «Йилнинг энг яхши қовуни»га муносиб кўрилди.
Бу азаматлар Британиянинг энг машхур викторинасини, Хитойнинг йирик сайтларини шунингдек, Испания телеканалларини забт этди.
Шу жонли эфир деган бало чиқдию, бундай «қовунчилар»ни эплаб бўмай қолди. Бизга ҳали анча бор экан, ходимлар савияси, нутқи, нафси билан ишлаш керак. Китоб ўқимаймиз, илмимиз йўқ, билмимиз йўқ хуллас…
2. «Замминистрни иккинчи хотини» эсинглардами? ЙПХ ходимлари қўлидан шу усул билан чиқиб кетмоқчи бўлган қоидабузар Мадина Эшонқулова «замминистр» ҳамкасблар ўртасида «сени айтяптими» деган гумонга олиб бориб қўйган бўлса ажаб эмас.
Аслида, бу ҳолат Ўзбекистонда кимнидир яқини экани эвазига сувдан қуруқ чиқиш ҳолатларига бир мисол холос. Агар бу камера иштирокидаги рейд тадбири бўлмаганда қоидабузарни хийласи иш берган бўлармиди, Валлоҳи алам. Қаҳрамонимизга машҳурлик ёқиб қолди шекилли, ўзи очган МЧЖ номини «Замминистрнинг иккинчи хотини» деб номлади-ю, яна «тренд»га чиқди.
3. Қовун сайли Юлдуз Усмоновасиз ўтса, бўлмас. Масалан, ҳожонамиз «Америка овози»га берган интервюсида Жаноби Каримов отасига овоз бергани, бу инсон тинчлик-хотиржамлик гарови эканини айтганди.Мирзиёев даврида эса «ўша одамни даврида биз эзилдик» деяпти. Бундай қилиқлар санъаткорни шахсияти ва ижодини айро қабул қилишга тайёр бўлмаган халқ учун оғир психологик травма бўлди. Нима ҳам дердик, донишмандлик қарилик билан келади. Баъзан қарилик ёлғиз келиши ҳам мумкин экан…
4. Алишер Қодиров,қадрдон қовунчимиз. Унинг «Мигрантлар ҳам солиқ тўлаши керак» деган гапи миллионлаб мигрантлар ва уларнинг яқинлари эътирозига сабаб бўлди. Қодировнинг бундай таклифни буюртма асосида «саҳналаштирилган» деган тахминлар ҳам бор. Умуман халқнинг сиёсий онги шаклланаётгани шундай қовунлар муҳокамаси жараёнида яққол кўзга ташланмоқда. Халқни эътиборини долзарб мавзудан чалғитиш мақсадида тузилган бундай ссенарийлар эскирган тактика бўлса ҳам бизда ҳамон урфда…
5.Халқимизда «Ёмон хабар тез тарқалади» деган гап бор. Йўқ, бу стереотип. Мана, сайлов натижалари эълон қилинмасдан олдин Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклади. Нега? Чунки «яхши хабар тез тарқалади». Тўғри топдингиз, эътиборингизда Шерзодхон Қудратхўжа!
Ҳа, айтганча, яна Шерзодхон Қудратхўжа «Ички ишлар ходимларига Феррариълар олиб бериш керак» деган таклифни илгари сурганди. Бу гапда жон бор, жиноятчилар «иномарка»ларда юрибди-да! Уларга ГМ ни машинасида етиб бўлармиди…
6.Ниҳоят қовун тушуриш эстафетасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева қабул қилиб олди.
У «свет» ўчиши, зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил олдинги тарих, камига буларнинг ҳаммаси бартараф қилинди деди-ю, чекка қишлоқларда яшайдиган халқ «олқишига» сазоввор бўлди. Ижтимоий тармоқлар шам ёруғида дарс қилаётган болалар расмларига тўлди. Ҳа, чироқ ўчиши, телевизор кўролмаслик тарих депсиз, айнан «беш йил олдин» дейишга бало бормиди? Нимага урғу бермоқчи, кимга яхши кўринмоқчи бўлдингиз?
7.»Пива мўйлаби» ҳақида эшитганмисиз?
Навбатдаги қовунни тушуриш Президент сайловида Халқ демократик партиясидан номзод — Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисовага насиб этди.
Кап-катта ҳукумат вакилига шу мавзу ярашадими? Қанча долзарб масалалар ечим кутаётган бир пайтда… Ваҳоланки, бундан салкам уч аср олдин яшаб ўтган (1849) Академик Павлов пиво истеъмол қилиш аёлларда тестостерон миқдорини ошиши, лаб устида мўйлар ўсиб «пиво мўйлаби» ўсишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтиб бўлган.
8.Блур. Телевизордаги соқолли юзларга «бижр-бижр» қўйиш йилнинг «Энг бачкана қовуни» номинациясига лойиқ деб топилди. Йўқ, бундан мақсад нима эди?
Нега тушунмайсизлар, соқол ва рўмол бўйича дискриминация нафақат самарасиз, балки, кулгили ҳамдир. Одамлар зерикмасин дейишса керакда…
Ойгул Ҳамидуллаева, Ogoh.uz колумнисти.