Айни кунларда Польша пойтахти Варшава шаҳрида шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов (2593) 5 карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсенга (2842) қарши дона сурди.
10-тур доирасидан ўрин олган ушбу баҳс турнир жадвалидаги яққол пешқадамликни аниқлаб бериши билан янада аҳамиятли бўлган. Боиси бунгача Карлсен 7.5 очко билан биринчи, 17 ёшли ҳамюртими эса 7 очко билан иккинчи поғонани эгаллаб турган эди. Қувонарлиси, беллашув ҳамюртимизнинг ғалабаси билан якунланди ва Абдусатторов бош соврин сари дадил қадам ташлади.
Рапид йўналишида яна 3 турдан сўнг ғолиб аниқланади. Шахматчимиз қолган беллашувларда ҳам пешқадамликни сақлаб қола билса, ушбу йўналиш бўйича жаҳон чемпионига айланади. Ҳамюртимизга кейинги турларда ҳам омад тилаб қоламиз.
Маълумот учун, ҳар икки шахматчи 2019 йил ҳам куч синашган ва унда кучлар тенг келган эди.