Бир фуқаро томонидан 522 марта тез ёрдам чақирилган. Бекорчиликданми? Муҳтожликданми?

Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, «Мумтоз» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро ўз уйига шу кунга қадар 522 марта тез ёрдам чақиргани маълум қилинди. Дарё.уз нашрининг хабар беришича, бу ҳақда 28 декабр куни ОАВ ходимлари учун пойтахтдаги тиббиёт муассасаларига уюштирилган пресс-тур давомида айтилган.

Тез тиббий ёрдам Call-марказ бўлими мудири Насиба Маҳмудованинг таъкидлашича, аёл кунига 2-3 марта тез тиббий ёрдам чақирган.

«Яшнобод туманидаги «Мумтоз» маҳалласида яшовчи аёл шу кунгача 522 маротаба тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. У ҳар куни 2-3 бор чақириқни амалга оширади. Баъзи беморларга тез тиббий ёрдам муҳим ҳолатлардагина чақирилиши кераклигини тушунтирсангиз, улар бизнинг фаолиятимиздан норози бўлади», — дейди Насиба Маҳмудова.

2020 йилнинг ноябр ойида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов жорий йилда «103» тез тиббий ёрдам рақамига 10 миллиондан ошиқ мурожаатлар келиб тушганини маълум қилган эди.

Жорий йилнинг феврал ойида Абдулла Азизов Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамнинг бир марталик ташрифи ўртача 150 минг сўмга тушиши ҳақида таъкидлаган.

Май ойида Республика шошилинч тез тиббий ёрдами илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов 2021 йилда битта тез тиббий ёрдам чақириғи учун 7700 сўмдан маблағ ажратилганини айтиб ўтган эди.

Декабр ойида ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, мамлакатда 2021 йилнинг 1 январидан 1 декабрига қадар тез ёрдам хизматига мамлакат бўйича жами 6301 та ёлғон чақириқ келиб тушган.

Афсуски, «тўқликка шўхлик» деганларидек, бекорчиликдан бошқаларни вақтини оладиган ношукурлар ҳам бор. Бироқ ростдан ҳам ёрдамга муҳтожлар оҳини ким эшитади? Айнан шу масала юзасидан бизга мурожаат қилганлар ҳам йўқ эмас.

Бир мурожаатчи: «Айниқса, қиш пайтларида болаларим жуда кўп касал бўлади. Турмуш ўртоғим Россияда. Уларни туман марказидаги шифохонага олиб боролмаганим учунам тез ёрдам чақираман. Худога шукур, тез ёрдам келади, аммо айтилган вақтдан жудаям кеч қолиб келади. Унгача боламнинг кўз ёшини, дард чекаётганини кўриб ўтиришга мажбурман» дея ўз фикрларини айтиб ўтди.

Бир жамиятда эса икки хил ҳолат. Умуман олганда юқорида аёл томонидан таъкидланган сўзларга қараганда болалари нима учун айнан қиш пайтида кўп касал бўлади? Уйи совуқлигиданми? Оиласининг эркаги чет элда. Шубҳасиз, бу ҳам ишсизлик масаласига бориб тақалади. Тез ёрдамнинг секин етиб бориши-чи? Майли, бу вазиятда тиббиёт ходимлари тез ҳаракат қилса-да, машина юриш учун йўлларнинг аҳволи қониқарли бўлмаса-чи? Бир муаммо ортидан бошқалари чиқиб келаверади, афсуски.

Гапирсак, гап кўп! Бизга эса муаммолар ечими зарур одатдагидек!

Лайло Эсанмуродова