Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги ҳаммомда 31 декабрь куни газ-ҳаво чақнаши содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Соат 17:00 да Қораянтоқ қишлоғида жойлашган ҳаммомда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юзага келган. Оқибатда ҳаммом биносининг том қисми қулаб тушган.
Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Афсуски, ушбу ҳодиса оқибатида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган.
Шунингдек, ҳодиса жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, Прокуратура ва бошқа тегишли хизмат ходимлари етиб борган. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.