«Қашқадарёнинг ёзилмаган Қонуни борми?» Каттақўрғон шаҳар ҳокими Қашқадарё ҳокими устидан арз қилди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовга мурожаат қилган. Аммо вилоят ҳокими унга жавоб бермаган.
«Қашқадарёнинг ёзилмаган Қонуни борми? Йўқ, албатта. Унда бу вилоятга мамлакатимизнинг барча вилоятларида амал қилинаётган қонун ва қоидаларга нега амал қилинмаяпти?
Маълумки, муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан тадбиркорларга мисли кўрилмаган имтиёз ва эътибор ортидан шу касбни тутган ҳамюртларимизнинг ишлари ривож топяпти. Бундан эса юртимиз янада фаровон, халқимиз бой бўлмоқда. Зеро, янги иш ўринлари, янги корхоналар бунёд этишда ишбилармонларимизнинг хизматлари чексиз.
Хусусан, мен раҳбарлик қилиб келаётган Каттақўрғон шаҳрида ҳам тадбиркорлар катта лойиҳаларга қўл урмоқдалар. Улардан бири “Marokand gold oil extraksiya” МЧЖ бўлиб, ташкил этилганига ҳеч қанча вақт ўтмай юзга яқин иш ўрнини яратди.
2021 йил 28 декабрь куни “Marokand gold oil extraksiya” МЧЖ раҳбари Сайдин Рўзиев ҳокимиятга келиб, Республика товар ва хом-ашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида ЙПХ ходимлари томонидан Қашқадарё вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Нодир Худойбердиевичнинг топшириғи асосида ушлаб турилганлигини айтди. Шундан сўнг мен Нодир Худойбердиевичнинг телефон рақамини топиб телефон қилдим. Бир неча бор қилган телефон қўнғироқларимга жавоб бермагандан сўнг SMS орқали телефонимни кўтаришини илтимос қилдим. Бир неча марта уринишлардан сўнг ва ниҳоят Нодир Худойбердиевич билан телефон орқали боғланиб чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилдим. Нодир Худойбердиевич “…опажон чигитни вилоят ҳокими рухсат бермаса чегарадан чиқара олмайман” деди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Муратжон Бердиалиевичнинг телефон рақамини қийинчилик билан топиб вазиятни тушунтирдим ва чигитни қўйиб юборишини илтимос қилдим. Вилоятнинг янги ҳокими эса “… масалани ўрганиб чиқиб маълум қиламан” деди. Мен умид билан барча тегишли ҳужжатларни ҳокимнинг телеграмига ташлаб бердим. Жавоб бўлмагандан сўнг телеграмига ва қўл телефонига SMS лар ёздим, афсуски ҳеч қандай жавоб олишнинг иложи бўлмади.
Орадан 3 кун ўтиб ва ниҳоят 2 январь куни тадбиркорга чегарадан юк ортилган машиналарини олиб кетишини сўраб Фарҳод ва Жаҳонгир деб ўзини таништирган ЙПХ ходимлари телефон қилишган.
Тадбиркор С.Рўзиев бундан хурсанд бўлиб, менга телефон қилди. Бироқ, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Тадбиркор менга телефон қилиб ЙПХ ходимлари вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Худойбердиевич рухсат бермаётганлиги важидан юк машиналарини қўйиб юбораолмасликларини маълум қилган.
Шундан сўнг мен яна жаноб Нодир Худойбердиевичга қўнғироқ қилганимда “…хозиргина вилоят ҳокими билан гаплашдим, чигитни қўйиб юборишга ҳеч қандай рухсат йўқ” деб айтди. “Опажон минг афсус мен юк машиналарини қўйиб юбораолмайман” деди.
Мен Жаҳонгир исмли ЙПХ ходимига телефон қилиб нега юк машиналарини қўйиб юбормаётганлигини сўраганимда у “опа мен топшириқни бажаряпман рухсат беришса қўйиб юборамиз” деб яхши муомила билан тушунтирди. Унда нега ЙПХ ходимлари телефон қилган? деган савол очиқ қолмоқда.
Мен 100 тонна чигитни олиб ўтиш учун 4 кун сарсон бўлдим. Ачинарлиси мурожаатимга ва ёзган SMS ларимга вилоят ҳокими “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бериши шунчалик ҳам қийин бўлдими?! Янги йил байрами тадбиркорга, ҳайдовчиларга ва менга ҳам афсуски татимади.
Ахир битта шаҳар ҳокими 100 тонна чигитни ўтказиш учун 4 кун безовта бўлишини қандай изоҳлаш мумкин? Мен шахсий манфаатим учун жон куйдираётганим йўқку…! Мен бу мурожаатимга умид билан жавоб кутаман»,- дея ёзди Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова.