Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати маълум қилди.
Суҳбатда давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятнинг ривожланиши, республикадаги ҳолатни барқарорлаштириш, тез фурсатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон етакчиси Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.
Аввалроқ, Қозоғистонда давом этаётган намойишларда Нурсултон Назарбоевнинг ҳайкали қулатилгани, шунингдек, Қозоғистон президенти КХШТдан ёрдам сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эдик.