Сўнгги кунларда Қозоғистонда юз бераётган воқеалар хусусида таниқли сиёсатшунос, халқаро шарҳловчи Камолиддин Раббимов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муносабатини билдирибди.
Қозоғистондаги воқеалар “сюрприз”ми?
Қозоғистондаги воқеалар мутлақ кутилмаган “сюрприз” бўлди. Ҳали бу воқеалар ўзининг хотимасидан узоқ. Лекин, бу воқеаларнинг минтақа учун оқибатлари, ўта жиддий, анча салбий бўлади. Қозоғистон – Ўзбекистоннинг энг биринчи қўшниси.
1) Ўзбекистоннинг энг узун давлат чегараси, айнан Қозоғистон билан.
2)Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиё минтақасининг асосий икки йирик давлатлари ҳисобланади.
Бу икки давлат бир томондан ўзаро рақобатда. Бошқа томондан, минтақанинг геосиёсий мустақиллиги, айнан мана шу икки давлатнинг геосиёсий мустақиллиги билан белгиланади. Бу воқеалар натижасида, Қозоғистон жиддий шаклда ўзининг геосиёсий мустақиллигини қисқартириб улгурди. Кейинги уч йилда эришилган нисбий геосиёсий мустақилликни тиклаш учун, яна кўп уринишлар ва йиллар керак бўлади.
1.Қозоғистон ҳукумати ҳам, мухолифати ҳам, ўзаро келишишдан кўра, давлат суверенитетини таҳдидга қўйишни, еки давлат суверенитетини қисман сотишни ўзлари учун қулайроқ кўришди. Ҳукуматнинг “мухолифат четдан туриб ҳеч нарса қила олмайди” деган ишончи, нақадар хато эканлиги, ўзининг исботини топди. Аблязов ва бошқалар, йиллар давомида ушбу намойишларни маънавий-сиёсий асосларини парваришлаб келишди. Ва кутилмаганда, вазият издан чиқди.
2.Президент Тўқаев тезда ҳукуматга истеъфо бериб, вазиятни фақат алангалатди. Демократия – бу мувозанатга интилиш. Жамиятнинг талабларига доим эътибор бериб бориш керак. Лекин, агар сиёсий вазият янада қалтислашишига сабабчи бўлса, вазминлик кўрсатиш ва намойишчиларга мўътадил муносабатда бўлиш – мақсадга мувофиқ. Демократик давлатларда, ҳукуматлар намойишчиларни отишмайди, лекин, уларни алангалатишга ҳам имкон беришмайди.
3.Қозоғистон ҳам, 2005 йилда Ўзбекистон қилган хатога қўл урди. Ўзини қутқариш учун, давлат суверенитетини қисман сотиб, ташқи қўллов олишга интилди. Ўзбекистон намойишчиларни оммавий отди. Ва бу билан катта хато қилди. Қозоғистон бошида намойишчиларни кутилмаганда янада илҳомлантирди: ҳукуматни тарқатиб юборди, нархларни пасайтирди. Лекин, орадан кунлар ўтиб, намойишчиларни “террорист” деб аташ бошланди, ўлганлар сони кўп эканлиги айтилмоқда. Вазмин муроса ва музокаралар бўлмади.
Намойишлар чоғида, бир томондан вазиятни демократлаштириш – яъни, намойиш ҳуқуқини таъминлаш, бошқа томондан, давлат барқарорлигини таъминлаш – муҳим вазифа. Шунинг учун, давлат, вазминлик билан, эҳтиросларни оҳиста пасайишига эришиши керак эди. Бунга мисол – Россиянинг Хабаровск намойишлари, Франциядаги “сариқ нимчалилар” намойишлари ва ҳ.к. Яъни, давлат намойишлардан қўрқиб кетмайди, уларни олдини ҳам олмайди, уларни янада авжланишига ҳам имконият бермайди.
Қозоғистон жамияти авторитаризмдан демократияга “сакраб” ўтмоқчи эди. Демократияга эришгач эса, геосиёсий мустақиллигини тўлиқ ўз қўлига олмоқчи эди. Лекин, “сакраш” жараёнида, йиқилиб тушди. Эркинлик учун сакраб, бор эркинлигига ҳам путир етказди. Геосиёсий мутсақиллик истаб, кутилмаганда, геосиёсий қопқонга тушди.
Дунё давлатлари ва минтақаларида, ўзига хосликлар кўп. Бизнинг, Марказиё Осиёнинг ўзига хослиги шундаки, ёнимизда ички сиёсий инқирозлардан жуда унумли фойдаланиб, ўз исканжасига олишни истовчи оч геосиёсий махлуқ мавжуд. Давлат ҳикмат билан иш қилиши керак. Жамият ақл билан иш қилиши керак. Ўзбекистоннинг иттифоқчи давлати бўлмиш Қозоғистон, камида кўп йилларга ўзининг геосиёсий мустақиллигини, жиддий бир шаклда ерга тушириб юборди. Бу эса, Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун ҳам, жуда ёмон хабар.
Муаллиф: Камолиддин Раббимов
P.S. Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини билдирмайди.
Мавзуга оид:
Қозоғистонда мамлакат бўйлаб террорчилик хавфининг юқори даражаси жорий этилди