Гурбангули Бердимуҳамедов истеъфо беради

Февраль ойи бошида Туркманистонда мамлакат олий қонун чиқарувчи органи — Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилади. Бу ҳақда Гурбангули Бердимуҳамедов 7 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида маълум қилди, дейилади “Ватан” телевидениеси хабарида.

Унда Туркманистонни келгуси 30 йилда ривожлантириш дастурини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, 2021 йил якунлари ва жорий йилдаги вазифалар муҳокама қилиниши айтилмоқда.

Лекин Ашхободда юрган узунқулоқ гапларга қараганда, Халқ маслаҳатининг бу галги мажлисида кўриладиган энг асосий масала бошқа. Айтишларича, Гурбангули Бердимуҳамедов давлат бошқарувини ўғлига топшириш таклифини илгари суриши мумкин. Бу, албатта, тасдиқланмаган маълумот, аслида ўша мажлис ўтгунича тасдиқланмаслиги ҳам аниқ. Аммо шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди дейишади. Кўрамиз. Вақти соати етганда ҳаммаси ойдинлашади.

Ва ана шундай тахминларнинг мантиқий давоми ўлароқ, март ойида Туркманистонда навбатдан ташқари Президент сайлови ўтказилиши айтилмоқда. Мамлакат етакчилигига асосий номзод сифатида айнан Сардор Бердимуҳамедов номи тилга олиняпти.