Аввалроқ деҳқонободлик ўқитувчи икки ёшли ўғлининг кўзини ўйиб олмоқчи экани ва натижада бола кома ҳолатига тушиб, Қарши шаҳридаги тиббий-тез ёрдам марказига ётқизилгани ҳақида хабар бергандик.
Аслида воқеа қандай бўлган эди?
Она молларига қарагани ташқарига чиққан, ота эса 20 дақиқа ичида икки ёшли ўғлини аянчли ҳолга келтирган. Воқеа ҳақида аёл шундай дейди: “2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим 2 та мактабда дарс беради. Воқеа содир бўлган куни соат 4 ёки 5 атрофида ишдан қайтди. Икки боламнинг бирови бешикда эди. Бирови ерда эди. Мен эрим қараб туради деб ўйлаб, ташқарига чиқдим ва молларга қарадим. 20 дақиқа ичида боламни отаси уриб, кўзини кўр қилиб, маз суртган. Икки кўзини роса кўрмайдиган даражага олиб келган. Буғиб, бошига қаттиқ урган. Олдида турган тикув машинасига урган, бола отилиб кетган. Кейин кўрпача ўраб, ҳушидан кетказиб, тўғри қилиб ётқизиб қўйибди. Кирсам болам кўкариб, яхлаб қолган экан. Икки соат боламни ҳамма жойини ўқаладим. Ўзим ҳам қўрқиб қолиб, ҳеч кимга чиқиб дардимни айта олмадим”.
Ушбу ҳолат бўйича боланинг тоғаси қўшимча маълумот берди.
Шифокорларнинг саъй-ҳаракати туфайли болакайнинг ҳаёти сақлаб қолинган, аммо унинг чап кўзи қорачиғи жароҳатдан сўнг доғ бўлиб, оқариб қолганлиги ва кўриш имконияти пасайганлиги ҳақида Ж. Жовлиев маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур воқеадан сўнг, боланинг ота-онаси бирга яшамаяпти. Айни пайда содир бўлган жанжал ва болага етказилган жароҳат юзасидан суд иши бошланган.
«Биринчи суд мажлиси 8 январь куни соат 15:00ларда Деҳқонобод тумани марказидаги суд биносида бошланди. Боланинг отаси адвокати судга келмагани учун суд 13 январь соат 11:00 га қолдирилди», – дейди Жаҳонгир Жовлиев.
Бу ҳолат биринчиси эмас, бундан олдинги икки оиласи билан ҳам шундай ҳодиса юз берган, яъни ота биринчи оиласидан туғилган икки фарзандига ҳам жиддий жароҳат етказган, бирининг қўлини куйдирган, иккинчисининг оёғига эса паншаха санчиб олган. Аёлнинг айтишича, эри «одам исини ёқтирмайдиган» кимса экан.
Қўшимча қилинишича, боланинг онаси Сожида Жовлиева болага жароҳат етказгани айтилаётган эркак билан қонуний никоҳдан ўтмаган.