Тожикистонда 11$, Арманистонда 20$ Грузияда 30$: ПЗР тестлар бизда қанчага тушади?

Маълумки, мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясини аниқлаш учун пуллик лаборатория хизматларини тақдим этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаган.

Ушбу тасдиқланган тариф бўйича, CОВИД-19га таҳлилни ўтказиш қиймати 224 415 сўмни яъни жорий вақтдаги доллар курси бўйича 20 долларни ташкил этади. Тўлов терминал ёки банк тўлов квитансияси орқали амалга оширилади. Хизмат учун нақд пул тўлаш тақиқланади.

Коронавирус бўйича текширув Новел Novel Coronavirus (2019-nCOV) Nucleic Acid Diagnostic Kit ПЗР (полимер занжир реакцияси) таҳлили учун реагентлар жамланмаси ҳамда Хитойнинг Sansure Biotech компанияси ишлаб чиқарган РНК экстракцияси учун реагентлар жамланмаси ёрдамида олиб борилади.

Шунингдек, хизмат нархини ҳисоблаб чиқишда тест ўтказадиган мутахассислар — шифокор (3,47 миллион сўм), лаборант (2,2 миллион сўм) ва фаррошнинг (1,43 миллион сўм) ойлик маошлари ҳисобга олинган.

Таҳлил учун материаллар харажати — 169 097 сўм, иш вақти қиймати — 2900 сўм, ижтимоий суғурта ажратмаси — 725 сўм ва 13 818 сўмлик билвосита харажатлар билан жами хизмат таннархи 186 540 сўмни ташкил этмоқда. Агентлик ҳисобига ўтадиган 20 фоиз миқдоридаги рентабеллик билан ҳар бир таҳлил учун 27 981 сўм олинади.

Фойда солиғи (12 фоиз) хизмат нархини яна 3358 сўмга оширади. Юқори ташкилотга 2 фоизлик ажратма (6536 сўм) билан хизмат нархи жами 224 415 сўмга етади.

Айнан ушбу масала бўйича жаҳон давлатлари фаолиятига ҳам назар ташлаб ўтсак ўринли бўлади. Хўш, хусусий клиникаларда коронавирусга ПЗР тести қанча туради?

Тожикистонда ковид учун энг арзон таҳлил атиги 11 долларни ташкил қилади. Энг қиммат тадқиқот харажатлари Озарбайжон ва Молдовада – мос равишда 38 ва 46 доллар. Аксарият республикаларда ПЗР тести 20 доллар туради.

Кўпгина Ҳамдўстлик мамлакатларидаги давлат клиникаларида коронавирус тестини бепул ўтказиш мумкин.

CОВИД-19 учун ПЗР тестининг нархи:

ТОЖИКИСТОН – 11 доллар
АРМАНИСТОН – 20 доллар
БЕЛАРУС – 20 доллар
ҚОЗОГИСТОН – 20 доллар
ҚИРҒИЗИСТОН – 20 доллар
РОССИЯ – 20 доллар
Грузия – 30 доллар
АЗАРБАЙЖОН – 38 доллар
МОЛДОВА – 46 долларни ташил этади.