Назоратчиларни ким назорат қилади?!

Жорий йилнинг 8 январь санасида Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ЙПХ ходими бошқарувидаги жарима майдонига олиб борилаётган деҳқонободлик фуқаронинг «Lacetti» русумли автомашинаси ва “Damas” автоулови иштирокида ЙТҲ юз берди.

«Lacetti» ҳайдовчисининг айтишича, машинанинг жарима майдонига қўйилишига сабаб автомобилнинг бир нечта жарималари борлиги бўлган.

Ҳайдовчи ҳарчанд бир соатда тўлайман, онамни касалхонадан олишим керак, деган сабаблар айтишига қарамасдан ЙПХ ходими уловни “стоянька” қилган.

ЙПХ инспекторларининг машинани жарима майдонига қўйиш ҳақидаги хулосасидан сўнг, уни вақтинча сақлаш жойига қадар етказишнинг тартиб-қоидаларига қизиқдик ва ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга савол билан мурожаат қилдик. Бизга маълум бўлишича, инспекторлар вазиятга қараб автоуловни эвакуатор ёки жаримага тортган инспектор бошқарувида элтишлари мумкин экан.

Мазкур ҳодисада «Lacetti» эгаси ЙПХ ходимини тормозни қалтис босганликда айблаб, шунинг оқибатида ҳодиса юз берганлигини баён этмоқда.

Ҳолат бўйича ЙҲХББ қуйидагича муносабат билдирди: 2021 йил 8 декабрь куни соат 11:40 ларда, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчасида ҳайдовчи, 1985 йилда туғилган Ш.М. «Damas» русумли автомобилни бошқараётиб, ўзи билан бир йўналишда, олдинда бўлган, ЙПХ ходими Р.Турсунов бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомобилнинг орқа томонига тўқнашиши оқибатида ЙТҲ содир бўлган.
ЙТҲ натижасида «Дамас» русумли автомобилда бўлган бир нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу ЙТҲга оид қўшимча маълумот олиш, машина ҳолати ва бошқа хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида ЙҲХББ Қашқадарё вилояти бўлими матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати саволимизга қуйидагича жавоб берди: — ҳозирда иш бўйича тергов жараёнлари давом этяпти, суддан кейин сизга қўшимча маълумот бера оламан, унгача бирор нарса дейишимиз қийин.

Бизда доим фуқаро айбдор бўлиши керакми, нима учун ЙҲХ ходимининг хатоси учун икки ҳайдовчи жабр тортиши лозим, шундоқ ҳам жарималарнинг қимматлиги етмайдими қора халққа, халқ учун ишлаб чиқилган ва қатъиян амал қиладиган қонунлар, «ишлаб чиқувчилар»га келганда ҳатлаб ўтадими?

Бундай дейишимиз учун асос бор: автоблогерлик фаолияти билан айрим ЙПХ ходимларининг қоидабузарликлари ва қинғир ишларини очиқлаган Бобур Ғаниев давлат хизматчисини ҳақоратлаганлиги учун қамалганлик ҳолати. Буни қарангки, қўшимча тарзда унинг телефонидан «тасодифан» порнографик материаллар ҳам «топила қолган» эди. Ишга боғлиқ бўлмаган текширув эканлиги, уюштирилганлик ҳақида фикрлар шунчаки эътиборсизлик билан қолдирилган — баайни «ўзим хон, кўланкам майдон» тахлит. Қамоқ муддати тугаганидан сўнг эса, Б. Ғаниев автоблогерликни ташлашини маълум қилди. Қанчалар «эсли бола қилиб» чиқаришибди-а?! Майли, от бизда эмас ҳозир…

Ким ҳақ, ким ноҳақ, айб кимда-ю, айбсиз кимлиги ҳозирча очиқ қолмоқда. Бу мавзуга яна қайтамиз.

Зайниддин Норқувватов