Бугун ижтимоий тармоқ ҳамда телеграм каналларда “Микрокредитбанк”нинг Сирдарё тумани бўлими бошқарувчиси Мирзакулов Олимжон Казакбаевич Сирдарё тумани «Оқ йўл» маҳалласи бўйича ҳоким ёрдамчиси бўлгани ҳақида хабар тарқалди.
Mаълумотларга кўра, Сирдарё тумани ҳокими Мирзақулов Ботиржон Казакбаевич ҳисобланади.
Ушбу хабарни ўқиб, бундай ишлар тугамас экан, ҳамма жой непотизм босиб кетган экан деб ўйламанг.
Ота-оналари яхши тарбия беришган, яхши ўқитишган, шунинг учун ака-укалар шунақа лавозимларни эгаллаб келишмоқда. Яхши гумонда бўлайлик,ахир хаётда тасодифлар кўп бўлади.
Ҳам банк ишларини, ҳам ёрдамчилик вазифасини бирдай уддалашга рози бўлаётган жонкуярларимиз омон бўлсин.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизнинг барча жойларида ҳоким ёрдамчилари иш фаолиятини бошлаган эди. Уларга компьютер жамланмаси, вебкамера ва телефон аппаратлари топширилди.
Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланди: хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида (4 млн 932 минг сўм); хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида (5 млн 343 минг сўм); хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида (5 млн 754 минг сўм).
Қуйидагилар ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари :
маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш;
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятлари, тадбиркорлик бўйича ихтисослашув ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда, уни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаш, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ривожланишини таъминлаш;
доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш;
маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш;
Барча вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ҳоким ёрдамчиларига уларнинг вазифаларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак бериш учун шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.