Қўрғонимсан! Сенга қалқонман, Ватан!

Ватан ҳимояси муқаддасдир! Бу тушунча асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган. Дарҳақиқат, энг муқаддас маскан бўлмиш Она диёримизга энг улуғ неъмат – тинчлик ярашади. Бу тинчликни сақлаш эса, ҳеч қачон осон бўлмаган.

Бугун, 14-январ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигига 30 йил тўлган сана.

Айни шу кунда давлатимиз бўйлаб она ватан ҳимоясидек шарафли ишга бош қўшган Ватан ҳимоячиларининг касб байрами нишонланмоқда. Ушбу шарафли соҳа вакилларининг ўз тилларидан ҳарбий соҳада хизмат қилиш фахри, машаққат ва ўзига хосликлари ҳақида бир неча оғиз фикрларини сўрадик.

Тошкент ҳарбий округи бошқарма бошлиғи, подполковник Мурод Қосимов

Инсон қисматига турли юмуш битилган бўлади. Ва у бутун умр шу қисматига битилган вазифани бажариш билан банд бўлади. Менинг қисматимга эса, ҳарбий хизматчи бўлиш ёзилганидан бағоят мамнунман.

Мен бу соҳада том маънода ўзимни топдим, десам адашмаган бўламан. Айни шу ҳарбий соҳада олий маълумот олгач, магистрлик даражаси учун Корея Республикасига ўқишга юборилдим. Икки йил давомида Ватанимизга нафи тегадиган кадр бўлиб етишишни ўз олдимга асосий мақсад қилиб қўйдим.

Бугунги кунда мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам корейс тилини биламиз. Ҳар иккимизнинг ҳам ушбу тилдан III даражали тил билиш сертификатимиз бор. Хўш, бунинг ортида нима бор, деб ўйлайсиз? Ҳеч шубҳасиз, мудофаа тизимини ривожлантиришга қаратилаётган ишларнинг амалий натижаси бу. Мен касбимни севаман. Ва унда сидқидилдан ёндошиб, астойдил меҳнат қилган киши шараф топишига ишонаман.

Қадрли ҳамкасбларимиз ҳамда Ватан тинчлиги учун ўз ҳиссасини қўшаётган жамики юртдошларимизга 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин! Ҳамиша соғлик ва муваффақият ҳамроҳ бўлсин.

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган обектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги масъул офицери полковник Худоёр Қаландаров

Ҳарбий хизматга кириб келишимиз, албатта, ёшлигимиз билан бевосита боғлиқ бўлган. Ёдимда, акаларимиз, қариндошлар ҳарбий хизматдан формада кўрк тўкиб кириб келишганида, уларнинг формаларини олиб, фуражкаларини кийиб, ич-ичимизда бир ҳавас уйғонган.

Бундан ташқари, ўзимнинг катта акам Афғонистондаги байналмилал жангларда иштирок этган. Акам қайтиб келгач ҳарбий хизмат, ҳарбийлик масалалари ҳақида бошқача, янада аниқроқ тасаввур уйғонган.

Кейинчалик, гарчи ўзим 1999-йилдан Тошкент давлат университетининг Физика факултетини имтиёзли баҳоларга тугатиб, аспирантурани ҳам тугатган бўлишимга қарамасдан, Ватан ҳимоясига ўзимни бағишлашга қарор қабул қилганман.

Мана, ушбу соҳанинг ичида бўлганимизга ҳам йигирма уч йил бўлмоқда. Бу орада қанчадан-қанча Ватан мудофааси фидойиси бўлган устозларнинг қўлидан ўтдик, ўзимиз ҳам бир нечалаб шогирдларга тайёрладик. Мана, бугунги кунда армияда бўлаётган ислоҳотларда иштирок этаяпмиз.

Албатта, ҳар бир касбнинг ўзига хос қийинчиликлари, ўзига хос мураккабликлари бор, албатта. Шу жумладан, ҳарбий соҳада хизмат қилишнинг ҳам. Ватан ҳимоясида туриш, ҳарбий хизматчи бўлиш – шахсий манфаатлардан юрт манфаатлари, халқнинг осойишталигини устун тутиш демакдир. Бу айрим вақтларда ўзингиздан кечишингизни англатади. Мисол учун, ўзингизнинг туғилиб ўсган жойингиздан узоқда хизмат қилишингиз, хизмат қилаётган жойдаги аҳолининг урф-одати, тили, маданиятига кўникиш зарурати, бундан ташқари, оилангизнинг ҳам сиз билан бирга у ёки бу хизмат ҳудудига кўчиши, ота-онадан узоқда бўлиш, тўй-маракалардан кўнгилни бироз муддатга узиш – булар ҳаммаси сиздан ва яқинларингиздан фидойиликни талаб қилади. Аммо, Ватан ўз фарзандларининг хизматларини ҳеч қачон унутмайди. Ҳатто, фарзандларимизга ҳам берилаётган турли имтиёзлар сўзларимнинг исботи бўла олади.

Юқорида айтганимиздек, касблар турли-туман. Аммо, Ватанимиз тинчлиги, суверенитети, халқимиз осойишталиги, фуқароларимиз хавфсизлигини сақлашда қуролли кучларнинг ўрни катта. Шундай экан, 14-январ – Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги билан барча соҳа ходимларини чин қалбимдан табриклайман.

Марказий ҳарбий округ бўлим бошлиғи подполковник Анвар Шеров

Ватан олдида ўз хизмат вазифасини ўташ – ҳар бир инсон учун шарафли иш. Хоҳ у соҳада бўлсин, хоҳ бу. Аммо, ҳарбий хизматчи бўлиш ўзига хос масъулиятли ва шарафли касбдир.

Ҳар кимнинг ҳам болаликда ўзига хос орзулар бўлади. Ўзим Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилганман. Мактаб давридаёқ ўз ҳудудимиздан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларни кўриб, улар каби бўлиш, улардек хизмат қилиш истаги туғилган. Бундан ташқари, ушбу соҳага меҳримнинг ортишига мактабнинг юқори – 10-11 синфларида ўтилган “чақирувга қадар ёшларни тайёрлаш” ўқув фани бўйича ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, юқори ўринларни олганлиб, янада чуқурроқ меҳр қўйганимиздандир.

Бу қизиқиш 2001-йил Чирчиқ олий танк-қўмондон муҳандислик билим юртига етаклаб келди. Шундай қилиб, 2006-йил ушбу билим юртидан лейтенант унвонини олиб, ўзимнинг чинакам ҳарбий соҳадаги ҳаётимга қадам қўйганман.

Ҳарбий соҳадаги хизматнинг ўзига хос ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, бу соҳа ҳам руҳий, ҳам жисмоний тарафдан кишини етук қилади. Ҳаттоки, ҳарбий таълим олаётган курсантларнинг бошқа соҳада таълим олувчи тенгдошларидан бир поғона устун бўлади. Бунинг яққол мисолини ўзимиз таҳсил жараёнида бошқа ўқувчи-талабалар билан мусобақалашишда кўрганмиз. Ва албатта, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оиласига яратиб берилаётган шароитлар, имтиёзларнинг ҳам ўрни бор.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги, шунингдек 14-январ – Ватан ҳимоячилари куни билан Марказий ҳарбий округ номидан ҳамда ўз номимдан Она заминимизни ҳимоя қилиш учун бел боғлаган барча шарафли касб эгаларини муборакбод этаман. Уларга келгуси ишларида омад ва муваффақият ёр бўлишини тилаб қоламан. Юртимиз ҳамиша тинч ва фаровон бўлсин!

Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги, Ҳарбий қисм командирининг Тарбиявий ва мафкуравий ишлари бўйича ўринбосари подполковник Элёр Бердиев

Ҳозиргидек ёдимда, тоғам “афғон”чи, Афғонистонда хизмат қилиб қайтган киши эди. У кишининг ҳарбий эканлиги биз – уч ака-укани доим ҳавасимизни келтирарди. Бу ҳаваснинг ортидан “мен ҳам келажакда ҳарбий бўламан” деб ният қилган бўлсак ҳам ажаб эмас. Кейинчалик, битирув оқшомида илк бор бу мақсадимни оммага очиқ-ошкор айтганман: “Мен ҳарбий бўлмоқчиман. Ҳатто, ўқиш учун ҳужжатларимни ҳам аллақачон топшириб келдим!” 2001 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ҳужжатларимни топширганман. Ва шу йилнинг ўзидаёқ, ўз кучим ва билимим билан ўқишга қабул қилиндим. Мақсадим сари бир маррани босиб ўтганимдан қувончим чексиз эди. Мендан ташқари, акам Сарвар Инамжанович Бердиев ҳам чегара қўшинлари бўйича хизмат қилмоқда ва ҳозирда подполковник ҳарбий унвонини олган.

Таълимдан сўнг, 2009-2011 йилларда Денов туманида, 2012-2015 йилларда Термиз шаҳрида хизмат қилган бўлсам, 2015 йилдан ўтган йилнинг июн ойига қадар Тошкентда, Марказий ҳарбий округда ўз хизмат вазифамни бажардим. Айни шу йили Мудофаа вазирининг тегишли буйруғи билан ИИИ даражали “Хизматлари учун” кўкрак нишони билан ҳам тақдирландим. Ноябр ойининг ўттизинчи санасида эса, подполковник унвони берилди. Айни дамда Хонобод шаҳрида хизмат вазифамни бажармоқиб келмоқдаман.

Мендан сўрасалар, ҳарбий хизмат – бутун ҳаётни фидо қилишга арзийдиган бурчдир. Эл-юрт хизмати, тинчлиги учун ҳар дақиқада фидойилик қила олиш – ҳақиқий жасорат. Мана шундай жасорат эгаларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳамда 14-январ – Ватан ҳимоячилари куни билан қизғин қутлаб қоламан. Барчага омад ёр бўлсин. Юртимиз осмонига ҳеч қачон кўз тегмасин.

. Камолиддин Абдуазиз ўғли тўплади