Энди олдин эмланган фуқаролар ҳам ютуқли ўйинда иштирок эта олади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ахборот хизмати хабар бермоқда.
Аввалроқ эмланган фуқаролар ўртасида ютуқли лотария қўйилиши маълум қилинганди.
Айтиб ўтилишича, 2022 йилнинг январь, февраль ва март ойларида эмланганлик сертификатини олган фуқаролар ўртасида қимматбаҳо ютуқли ўйин (бош соврин — автомобиль) ташкил этилади.
ССВ ушбу эълонга қўшимча киритганлиги айтиб ўтилди.
Унга кўра, эндиликда, матнда кўрсатилган муддатлардан аввал коронавирус инфекциясига қарши эмланганлик сертификатини олган фуқароларимиз ҳам шу йилнинг февраль ойидан бошлаб ўтказиладиган мазкур ютуқли ўйинда иштирок этишлари мумкин.
Маълумки, шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. Хусусан, COVID-19нинг янги «омикрон» штамми қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтираётир.