ЖамиятТаҳлил

Эшагим лойдан ўтгунича…

Бир «прораб» бўлган экан. У умри давомида уйлар қурган, қурувчилар жамоасини бошқариб келган. Ниҳоят, унинг нафақага чиқадиган даври келибди. Нафақага кузатиб қўйиш маросимида ташкилот унга охирги қурган уйини совға сифатида топширибди. Шунда қурувчи уятдан юзлари қизариб, совғани олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай қолибди. Чунки, у уйни қуришда арзон материаллар ишлатган, «соққа» қилиш учун анча-мунча пулни «еб» юборган эканда!Энди ўша сифатсиз қурган уйда ўзи умрини охиригача яшашига тўғри келиб қолаётганини билиб, каловланиб қолган экан…

Чунки инсон ўзи учун уй қурса, уни пала-партиш қурмайди. Ахир, унда фарзандлари яшайди-ку. Болаларини том босиб қолса, нима бўлади?! Қурилишга ажратган ўз пулини ўмариш, 20 кун туриши керак бўлган бетон “стойка”лар ўрнига ғишт териб, томни арматурасиз плитадан қурадими?!
Асло!

Лекин… Намунавий уйлар бошқа масала. Улар давлатнинг пулидан қурилади. Мендан кетгунча, эгасига етгунча.
«Давлатнинг пули, давлатдан ўмарса бўлаверади, давлатнинг пули кўп ва қайтиб сўрайдигани йўқ…»

Кейинги пайтларда қурилаётган кўп қаватли турар жой объектлари қурилишида белгиланган меъёрий тартиб-қоидаларга риоя қилинмаётган ҳолатлар юқоридаги гапларга яққол мисол. Масалан,2022 йил 16 январь куни соат 03:22да Самарқанд шаҳар “Гагарин” кўчасида жойлашган 36-уйнинг том ёпмасининг бир қисми эсган кучли шамол(15 м/сек)сабаб кўтарилиб пастга тушган.
Шукурки, содир бўлган ҳолат натижасида жабрланганлар йўқ.

Кимдир зиён кўрмаса бўлди, бу каби хабарларни ўқийвериб, таъсирланмайдиган бўлиб кетганмиз. Барибир фойдаси йўқ, халқим,халқим деб ҳалқумига ураётганларга ҳеч қачон инсоф бермайди.

Қурилиш ташкилоти материалдан, иш ҳақидан ураверади – арзон ва шу туфайли сифатсиз материалларни ишлатади, ҳамда бир сира сурилган бўёқни «уч сира» сурилди деб расмийлаштиради, бетон учун қумга цементни уч-тўртга бир эмас, ўнга бир солади. Малакали қурувчига муносиб маош бериш керак, у камига ишга келмайди, шунинг учун мардикор бозоридаги бу касбга малакаси бўлмаганларни арзонга ёллайди.

Натижадачи?

Натижада Сергелидаги каби қўзиқориндай қуриб ташланган турар жойларнинг ўпирилиб кетаверади, Тошкент ер усти метросининг ёриқ тушган устунлари қулайверади.

Ажабки, неча асрлардан буён челакда арқон билан лой ташиб қурилган пахса уйлар қолиб, “кеча“ қурилган “намунавий“ уйларнинг томи учиб кетаверади…

Биргина мисол, охирги икки йилда 1 минг 233 нафар шахс қурилишда коррупсияга йўл қўйиб, жавобгарликка тортилган.
Лекин биз билмаган қурилиш қоидалари қўпол равишда бузилиб қад кўтарган сифатсиз “бунёдкорлик”лар учун ҳисобсиз маблағларни “туя қилган” лар қанча.

Энг ачинарлиси нима, биласизми? Коррупция шунчаки ижтимоий норма эмас, балки одамлар ҳаётига зомин бўлаётган “маҳлуқ”қа айланиб бормоқда.

Минг афсуски, шунча огоҳлантиришларга қарамай, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган қурилишлар ҳамон давом этмоқда. Бундай қурувчи ташкилотлар раҳбарларида на инсоф бор, на виждон. Наҳотки уларнинг танобини яхшилаб тортиб қўядиган масъул ташкилот бўлмаса?! Қурилиш соҳасидаги коррупцияга қарши зудлик билан курашиш кераклигини тушуниб етиш учун яна қанча фожиаларни бошдан кечириш керак?

Шахруза Сатторова

Кўпроқ юкланг

Ogoh

Агар огоҳсан сен – шоҳсен сен, Агар шоҳсан сен – огоҳсен сен.

Tegishli maqolalar

Back to top button