Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Артел компаниясига нисбатан нотўғри муносабатлар кузатилмоқда. Жумладан, айрим манбалар интернет тармоқларидаги асоссиз маълумотларга таяниб, жамоатчиликка нотўғри маълумот тарқатмоқда. Яъни компанияга махсус солиқ имтиёзлари берилгани таъкидланган.
Артел компанияси ижтимоий тармоқда муҳокамага сабаб бўлган маълумотларга нисбатан қуйидагиларни маълум қилади:
Артел компанияси таркибига кирувчи корхоналарда ҳозирги кунда 10 мингдан зиёд ишчи-ходимлар фаолият юритади. Уларнинг 2021-йил учун йиллик даромади 386 млрддан ошган.
2020-йил учун компания тўлаган солиқ ва мажбурий тўловлар давлат бюджетига тушган жами солиқ тушумларининг 0,6 фоизини ташкил этган (103,6 трлн.дан 0,63 трлн.сўм).
2021-йилда давлат ва маҳаллий бюджетга 699 млрд сўмдан ортиқ солиқ ва божхона тўловлари амалга оширилган.
Компания 2020-йилда 80 миллион АҚШ доллари ва 2021-йилда 100 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга оширди.
2022-йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар натижасида Артел компанияси учун мол-мулк солиқ ҳисоблаш базаси 2.1 баробарга ортди.
Электротехника соҳасини ривожлантириш учун Ўзелтехсаноат таркибига кирувчи ва электротехника саноатининг барча ишлаб чиқарувчилари муайян солиқ имтиёзларига эга.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.03.2021-йилдаги ПҚ-5011-сонли Қарорида кўрсатилган имтиёзлардан Артел компанияси Ўзелтехсаноат таркибига кирувчи 100 дан ортиқ корхоналар билан тенг ҳуқуқда фойдаланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида Артел компанияси учун махсус ёки алоҳида тартибда имтиёзлар берилмаган.