Анқонинг минг дардга даво тухуми бор, оласизми?!

Реклама бизнес ривожи учун энг керакли йўналиш ҳисобланади. Шунинг учун ҳар бир соҳа рекламадан четда қолмайди. Бироқ, ҳар нарсанинг ҳам чегараси бўлгани яхши.

Анча йиллар олдин раҳматлик Ҳожибой Тожибоев «мазза қилиб реклама кўриб турсанг, орасига кино қўйворади», дея ҳазил қилиб айтиб ўтган эди. Майли, у даврларда реклама бериш регламенти бошқача эди. Бугунги кунга келиб эса тамоман ўзгариб кетди. Исталган телеканалингизни исталган пайтда қўйсангиз дори рекламасига тўғри келишингиз табиий.

Нима, биз шунчалик касалманд халқмизми?

Рекламаларда дори воситалари шунчалик кўп реклама қилинадики беихтиёр биз шунчалик касалмизми деб ўйлаб қоласиз. Албатта, бу кенг омманинг эътирозига сабаб бўлаётгани ҳам йўқ эмас, бироқ… бироқ тепадагилар бунга чора кўрмас экан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Ахир ушбу рекламаларнинг ортида ҳам битта валломат турибди, унинг бармоғи қимирлаши билан реклама берилади, бармоғи ҳам бекорга қимирламайди.

Содда халқни алдаб, пулини шилиб олаётган аферистлар тўдаси Алҳадия ва импотентлик касалини даволовчи деб тақдим қилинаётган эркак жинсий қувват оширувчиси ва сизга фарзанд тақдим этувчи деб очиқ ошкора сайраб ётган пасткаш, тубанона аҳлоқсиз  бетайин рекламаларни йиғиштиришсин дедик, бизни гапимизни, жамоатчиликни шунча эътирозларини, талабларини инобатга олмай,  «санларни гапинг ва талабинга тупуриб қўйибмиз» қабилада ундан баттар авжига чиқариб, кунига ҳар бир тв каналда 30-40 мартагача айлантирилиб ётган бу каби ориятсиз, моддият учун ҳеч нарсадан тоймайдиган твдаги пулхўр тўдага чора кўрадиган маъсуллар тирикми давлатда?!

Ит эгасини,  мушук бекасини танимайдиган даражага келдими давлатни бу соҳадаги маъсул мутасаддилари…?! Виждон борми сизларда, орият борми,  миллий ғурур,  номус каби тушунчалар борми, бетайинлар?!

Соғлиқни Сақлаш Вазирлигидаги валломатлар ҳам индамайдими бу дориларни ва дин тужжорларини Алҳадиясию, Ламафирин, бир бало БАДлар  сариқ чақалик фойдаси йўқ демайдими?!», деб ёзади фейсбук фойдаланувчиларидан бири.

Аслида, халқ ёлғиз телеэкранлардаги рекламага ҳам бутунлай сабаб эмас. Ҳолатнинг бир учи бир-бирини моддий даромад топишига ишониб, молиявий пирамида типидаги “минг дардга даво” деган ёлғон даъвони тарғиб қилаётган атрофимиздагиларда ҳам. Мисол учун, Гано Эгзел ёки Беверли каби шундай “ноёб-у андоб” маҳсулотлар савдосини йўлга қўйган компанияларнинг маҳсулот таркибини ким текширад? Ёки ССВ нега чиндан ҳам фойдал бўлса, амалиётга кенг тарғиб қилмайди?! Чунки, таркиби айнан текширилмаган. Акс ҳолда. Айтилганидан кўра сифатсиз бўлган бундай дори воситаларини тарғиботидан огоҳ қиларди.

Бунинг бошқа томони ҳам қизиқарли. Кимдир ноўрин акса урса ҳам “қора саҳифа”га ёзиладию, лекин буларнинг мушугини биров “пишт” демайди. Демакки, ё аксаси ўринли, ё ўрни ҳозирланган…

Биз мутахассис фикрлари билан қизиқдик. Бугунги кунда кўпчилик мунтазам ўқиб борадиган доктор Абдулазизхон Акрамов рекламасига урғу берилаётган дорилар ҳақида қуйидагича фикрда.

«Ламинария яъни денгиз карами дарҳақиқат фойдали сувўт. Аммо бир нарсани билиб қўйинг: Рекламадаги гап ҳар доим ҳам тўғри эмас! Ламинария океан олди мамлакатларида овқатга ишлатилади,  салатлар тайёрланади. Бу худди биз укроп,  кашнични ишлатгандай гап. Шу туфайли уни денгиз карами дейишади. Хақиқий йодга бой ламинариялар камида 20-30 метр чуқурликда ўсади. Аксарият ламинариядан БАД тайёрловчилар сунъий ламинария фермалари қилиб олишган. Шу туфайли табиий ўсган ламинариячалик йод сақлайдими-йўқми бу мавҳум масала. Ламинария деб сотаётган маҳсулотни хақиқий ламинария эканлигини текширувчи лабараториялар ҳам бизда йўқ.  Бу ҳам очиқ савол масалан. Агар ламинария мўжизавий восита бўлганида Океан олдидаги мамлакатлар ёшариб,  умуман касал бўлмай,  камида 150 га кирган бўларди. Афсуски, интернетни сал кавлаб кўрсак, океан олди аҳолисида касаллик салмоқли эканини кўрамиз.  Ламинария жуда сероб нарса, океан қирғоғида тўлиб ётибди. Ундан олинадиган махсулот у даражада қиммат бўлиши мумкин эмас. Хулоса шуки ҳақиқий ламинария бу фойдали махсулот.  Аммо унинг хусусиятлари рекламада камида 30-50 мартта бўрттириб кўрсатилган»,—дея ёзади у ўзининг телеграм каналида.

Аксига олиб, бу сувўтнинг ҳам рекламаси авж олган. Телеканалларда алоҳида кўрсатув ташкил қилишган, десак ҳам ёлғон бўлмайди, алоҳида «ўқитилган» шифокорлар келиб сувўтнинг фойдаси ҳақида обдон оғзидан бол томиб гапиради. Рекламадаги рақамга қўнғироқ қилсангиз,  матнларни ёд олиб бўлган операторлар сизни нима қилиб бўлса ҳам ушбу маҳсулотни сотиб олишга чақиради, нархи ҳам осмонда, «истасангиз бўлиб тўлашингиз мумкин, истасангиз ҳаммасини бирдан сотиб олмасдан бир ойлик олақолинг», дея маҳсулотни ўтказиш пайида бўлишади. Қўнғироқни қўйганингиздан кейин ҳам сизнинг рақамингиз уларнинг рўйхатида бўлади. Ора-орада сизни эслаб туришади…

«РОФЕС деган аппарат рекламаси ҳам авжида. Аслида космонавтлар учун чиқарилган деб реклама қилишади, бироқ у ҳам оддий нарса. Қулоқчинни тақиб савол-жавоб қилади, жинс, ёш, вазн каби саволларга жавоб берилади. Ундан кейин компютер тахминий касалликларни кўрсатиб беради. Эркак киши ўзини аёл киши деб айтиб, ёш, вазнини ҳам тахминий айтса, ўша ёшдаги аёлга хос касалликларни кўрсатиб беради. Худди шундан азият чекиб, кейин шифокорга келишади. Телевизордаги реклама қилинаётган дорилар ҳам шу сирага киради. Оддий аҳоли қатлами кўпроқ жабр кўради. Улар дориларнинг шунчалик шифобахшлигига ростдан ишонади. Биз улар билан гаплашишга, тушунтиришга ҳаркат қиламиз, бироқ ана айтяптику, одамлар шифо тортибдику деб туришади», —дейди Фарғона вилояти Бағдод туманидан шифокор Улуғбек Ашуров.

Шуларни ёзяпману бир воқеа эсимга тушди. Бундан ўн йиллар муқаддам 70 ёшли қария қўштирноқ ичидаги дори сотувчиларни судга берган эди. Сабаб нима деб қизиқарсиз. Ўша пайтдаги сўмма билан ҳисобласанг минг долларга эркаклик қувватингни қайтаради деб оддий олд томонига қанақадир матони қўшимча қилиб тикилган ичкийимни сотиб кетган экан…

Бизгача ва биздан кейин ҳам кишиларни огоҳлантирадиган, мажбурий рекламаларга қарши огоҳлантириш давом этаверади, бироқ аҳоли ўз онгини тозалаши, билимини ошири керак.ҳақиқий шифокорга бориб учраши керак, бу ўринда шифокорларимиз ҳам ўзларига қиммат нарх қўймасдан, ҳалқнинг корига яраши шарт.

Бу мавзуга ҳали яна қайтамиз.

Мавзуга оид: