ДХХ собиқ ходими: 13 050 килограмм “гашиш” Ўзбекистонга кириб келган эди…

Давлат хавфсизлик хизматининг Фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги полковник Эркин Абдуллаев 1992 йилда анча шов-шувга сазовор бўлган жиноят иши тафсилоти билан бўлишди, деб хабар беради “ЎзА”.

Маълум қилинишича, 1992 йилнинг 8 октябрь куни Термиз шаҳрида 30 тоннага яқин юк Афғонистондан транзит кириб келган. Қуритилган майиз жойлаштирилган қутилар божхона текширувидан ўтказилган. Ҳужжатларда кўрсатилишича, бу маҳсулот Собиқ Иттифоқ давлатлари, Бельгия, АҚШдан ўтиб, Канадага етиб бориши керак бўлган.

Контейнерларни текшириш чоғида ҳақиқий майиз қутилари орасида ғишт шаклида тахланган наркотик модда – гашиш топилган. Жами 1305 қутида бир килограммли 13 тонна 50 килограмм гашиш моддаси қўлга туширилган.

Термиз божхонаси 12 октябрь куни Жиноят кодексининг 69-моддаси (контрабанда) асосида жиноят иш очган ва тергов ишларини давом эттириш учун ДХХга юборади. Ишни Эркин Абдуллаев қабул қилиб олган. У ҳодиса жойига чиқиб, тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов эксперименти ҳамда воқеа гувоҳлари билан суҳбатлар ўтказган.

Кимёвий экспертиза қўлга туширилган наркотик модданинг гашиш эканини тасдиқлаб берган. Маҳсулотнинг экспедиция ҳужжатларида ёзилишича, юк М.Юнус томонидан М.Юсуфга етказиб берилиши кўзда тутилган, «майиз»ларнинг нархи 22 400 АҚШ доллари этиб кўрсатилган. Ashpan-forvarding end paking ko LTD транспорт-экспедиторлик компанияси юкни манзилга етказиб беришни зиммасига олган.

ДХХ АҚШ Адлия вазирлиги ҳузуридаги наркобизнесга қарши курашиш халқаро ташкилоти билан алоқа ўрнатган. Америка томони «ноёб маҳсулот»га қизиқиш билдирган ва ушбу жиноий ишга алоқадор шахсларни топиш ҳамда уларни жиноий жавобгарликка тортишга ваъда берган.

Шундай қилиб, 1993 йилнинг ёзига келиб, бу жиноий иш бўйича дастлабки тергов ишлари тўхтатилган. 1994 йилда халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалар вакиллари иштирокида 13 тонна 50 килограмм гашиш ёқиб юборилган. 1998 йилда АҚШ М.Юсуф ва М.Юнусни қўлга олган. Сан-Франциско шаҳрида бўладиган суд жараёнида Эркин Абдуллаев ҳам иштирок этиши режалаштирилган эди. Айрим мулоҳазаларга кўра, у Америкага боролмаган.

«Бугун биринчи марта шахсий мулоҳазамни айтишимга тўғри келади шекилли. Америка томони биздан қўлга туширилган 13 050 килограмм ‘майиз’ни беришни сўрайди. Табиийки, биз рад жавобини берганмиз. Чунки у биз учун жисмоний далил эди», — дейди у.

Абдуллаевнинг сўзларига кўра, Божхона хизмати бўладими, ДХХ томониданми қўлга туширилган наркотик моддалар тўғрисида оператив маълумотлар оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатилади. Унинг кузатишларидан маълум бўлишича, ҳали бундай йирик миқдорда тақиқланган моддалар қўлга киритилмаган.

«Дарвоқе, америкаликлар 1992 йилги Термиз воқеасини “Гиннесс рекордлари китоби”га киритиш тўғрисида тақдимнома киритишга ваъда берган эди. Афсуски, бу қуруқ гап бўлиб қолиб кетган», — дея таъкидлайди у.

Мавзуга оид: