24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида “Онлайн” фаолият олиб боради. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар қилди.
Коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфини олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиқиб 24 январдан бошлаб мактаблардаги таълим жараёни бир ой муддат давомида “онлайн” шаклда олиб борилади.
Масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари ҳамда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали бериб борилади. «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида бериладиган дарслар жадвали кунлик равишда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини уйдаги хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаган ҳолда «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришларида амалий ёрдам беришларини сўрайди.