Онлайн ўқиш давомида ўқитувчилар иш фаолиятини уйда давом эттирса бўладими?

Мактаб ва ОТМларда ўқиш 24 январдан бошлаб 1 ой муддатда онлайн шаклда давом этади. Ушбу вазиятда кун тартибига чиқаётган савол лардан бири: ўқитувчилар иш фаолиятини уйда давом эттирсалар бўладими?

Бу саволга Халқ таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Онлайн таълим жараёни вақтида ўқитувчилар ўзларининг лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишда давом этадилар.

Жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, бир ой муддатда умумтаълим мактабларида ўқув жараёнлари “онлайн” шаклда ташкил этилиши белгиланган.

Масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпанияси томонидан ажратилган телеканаллари ҳамда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали дарс машғулотлари мунтазам бериб борилади. «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида бериладиган дарслар жадвали кунлик равишда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.

Ўқитувчилар мазкур кундалик жадвал асосида дарс бераётган фанлари бўйича ўқувчиларнинг ўзлаштиришини, уйга вазифаларни бажарилишини ҳамда ўқувчилар билимини синф журналига (электрон кундалик тизими жорий этилган мактабларда Kundalik.com тизимига) баҳолаб боришни таъминлаб боришлари ҳамда заруриятга кўра «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида ўтилган мавзуларни ўқувчиларга қўшимча тушунтириб боришлари лозим.

Мактаб раҳбарларидан таълим муассасасида ўқитувчилар фаолиятини амалга ошириши учун етарли шароитлар яратиб, АКТ хоналарида узлуксиз Интернет ишлашини таъминлаб бериши керак.

Бундан ташқари, “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома”га мувофиқ, педагог ҳодимлар дарс машғулоти (ўқув-тарбия жараёни)дан ташқари, ўқув-тарбия жараёнининг методик таъминоти ва ташкилий-педагогик жараёни билан ҳам шуғулланиши белгилаб қўйилган.
Шу боис, ўқувчиларнинг онлайн таълим жараёнлари вақтида педагоглар мактабда бевосита лавозим мажбуриятлари ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган вазифалар билан бир қаторда ўз устида мустақил ишлашлари лозим.

Ўз ўрнида, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” буйруғи талабларига мувофиқ мактабда касалланиш ҳолатлари юзага келганда, ўқитувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш, коронавируснинг янги штаммининг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида педагогларнинг масофадан ишлаши учун имконият берилади.

Мактаб раҳбари ўқитувчиларнинг меҳнат фаолиятини назорат этиш ва мувофиқлаштиришга масъул саналадилар, — дейилади хабарда.