Туркия: Эрдўғоннинг кескинлиги кескинлик билан қаршиланмоқда

Куни кеча Туркиялик машҳур журналист Седеф Кабашнинг ҳибсга олинганлиги ҳақидаги хабарни кенг жамоатчилик сўз эркинлигининг бўғилиши ўлароқ эътироф этди.

Маълумотларга кўра, Кабаш хоним муҳолиф телевидениесига берган интервюсида ишлатган мақоли учун ҳибсга олинган.

«- Тож кийган доно бўлади» деган нақл бор, лекин бу ҳақиқат эмаслигини кўриб турибмиз. Аксинча, тож кийган «мол» бўлса, сарой оғилхонага айланади», деган у.

Бу сўзларни эса, амалдаги президент Режап Тоййиб Эрдўғон фаолияти ва шахсини ҳақоратлашда айблаб, 22-январ куни кечаси соат 2:00 да журналистни яшаб турган уйидан олиб кетишларига асос қилиб кўрсатишган.

Седеф Кабаш айни дамда судга қадар қамоқда сақланиб турибди. Ўзига қўйилган айбловларни тан олмаётган бўлсада, агар суд уни айбли деб топса, журналист 2 йилдан 4 йилгача қамалиши мумкин.

Бу биринчиси эмас

Маълумот ўрнида , айтиб ўтиш жоизки, бу Эрдўғон шахсига нисбатан илк ҳақоратда айблов эмас. Жумладан. 2020 йил мартида мухолифатдаги Халқ-республика партияси (ХРП)нинг парламентдаги фракцияси раҳбари ўринбосари Энгин Озкоч ҳам президентни хиёнатда айблагани учун ҳақорат масаласида терговга топширилганди. Воқеа ҳатто парламентда оммавий муштлашув келиб чиқишига ҳам сабаб бўлганди.

У президентликка келган 2014-йилдан 2019-йилгача жами 38 000 ҳақоратлаш бўйича тергов олиб борилган бўлса, 2020 йилнинг ўзида президент шахсини ҳақоратлаш билан 31 000 дан зиёд тергов амалга оширилган. Ўтган йилда лира қадрсизланиши ва ташқи қарзлар ортиши фонида эса, бутун бошли норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Жаноб президентчи?!

Ҳақоратлаш масаласида президент Эрдўғонни ҳам «оппоқ» қилиб кўрсатиб бўлмайди. Хусусан, шу кунларда ҳам қўшиқчи Сезен Аксунинг «Шоҳона ҳаёт» қўшиғи учун «тилини узиб олиш керак»лиги ҳақида гапирган.

Умуман олганда, деярли барча ҳолат омма норозилигига учраган бўлсада, сўнгги икки ҳолат зиёли қатлам — давлат арбоблари, актёрлар, адиблар ва илм аҳли томонидан кескин қораланган.

Камолиддин Абдуазиз ўғли

Мавзуга оид: