Самарқанд вилояти туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан ҳудудий ҳокимликларнинг 17 та лойиҳаси белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги учун қайтарилган. Бу ҳақда УзА хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашига бергани ахборотида қайд этилишича, 2021 йилда бошқарма томонидан вилоят ҳокимлигининг 15 та, туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан эса ҳудудий ҳокимликларнинг 57 та норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.
Эспертиза натижасига кўра, лойиҳаларнинг 55 тасига ижобий хулоса берилган бўлса, 17 таси белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги учун қайтарилган
– Маҳаллий ҳокимликларнинг ҳар қандай қарор ва фармойишлари бугунги кунда “E-qaror” тизими орқали электрон шаклда қабул қилинмоқда ҳамда ушбу қарорларни бутун республика бўйлаб кузатиб туриш имконияти мавжуд, – дейди С.Нуриев.
– Бугунги кунга қадар тизим орқали вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонида жами 6115 та қарорлар қабул қилинган. Қарор лойиҳалари қабул қилинишидан олдин адлия органлари томонидан кўрилиб, хато ва камчиликлари аниқланганда улар қабул қилишдан олдин бартараф этилмоқда. Хусусан, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қабул қилинган 102 та, шу жумладан, туман ва шаҳар ҳокимлари 2022 йил 15 январга қадар меҳнат таътилида бўлган даврда қабул қилиниши режалаштирилган 24 та қарор ва фармойиш лойиҳалари қонунчилик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли олдиндан кўриб чиқилиб, хато ва камчиликлари тузатилди.
Афсуски, бу борада ҳамкорлик ўрнатилганига қарамай, туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти ўрганилганда, 200 та хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида 12 та тақдимнома киритилиб, 12 та қарор бекор қилинди, 12 қарор ва 29 фармойиш мувофиқлаштирилди.