Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Умарали Норматов 91 ёшида вафот этди.
Умарали Норматов 1931 йилнинг 3 январь санасида Фарғона вилояти Бешариқ тумани Рапқон қишлоғида туғилган. Тошкент университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тугатган. 1952–2010 йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетида ишлаган. У иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, 1976 йилдан 2000 йилгача Ўзбек адабиёти кафедраси мудири лавозимида самарали иш олиб борди. 2011 йилгача мазкур факультетнинг профессори сифатида талабаларга сабоқ бериш билан бирга кўплаб илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилди.
Умарали Норматов ўтган йиллар давомида миллий адабиётимизни янада ривожлантириш, мамлакатимизда замонавий адабиётшунослик мактабини шакллантириш ишларига муносиб ҳисса қўшди.
Умарали Норматов 1981 йилда “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони билан тақдирланган, 1989 йилда “Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати” бўлган, 2011 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Оgoh.uz’ жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.