Бугун Шавкат Мирзиёев Мирзиёев онкология тиббиёт маркази лойиҳаси билан танишди. Унда электр энергияси қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.
Маълумки, шу йил 25 январь куни минтақамиз электр таъминотида техник узилиш содир бўлди. Бу барча электр станцияларга таъсир қилиб, фавқулодда вазият юзага келди.
Бунга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, ягона энергетика тизими 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган.
Шу боис, Ўзбекистонда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2026 йилга бориб, жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжалланган. Шунда юртимизнинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилади.
Президент электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Электр энергияси қувватларини ошириш ҳамда уни етказиб беришни автоматлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берилди. Бундан асосий мақсад электр энергияси тизимини барқарор қилиб, хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимизни бу муҳим манба билан узлуксиз таъминлашдир.