Мажнун ҳар доим Лайлининг хаёли билан яшарди. Тўғрироғи, унинг бутун ҳаёти Лайлига интилиш билан ўтарди. Баъзан шу кўйда ҳуши бошидан кетиб, ўзи тамоман унутарди. Ўзига келганида туясига ўтириб, йўлни Лайлининг қишлоғига қараб соларди.
Аммо ҳижронзада Мажнуннинг ҳуши кўпинча ўзида бўлмас, тез орада соғинч ва изтиробдан ўзини йўқотар, улов тизгини эса, қўлидан тушарди.
Буни пайқаган туя шу ондаёқ ўз дардига мубтало бўлиб, дарҳол бошини уйда қолган бўталоғи томон буриб, ортга қайта бошларди. Қарабсизки, орадан анча вақт ўтгандан кейин Мажнун ҳушига келиб қараса, кўзлаган манзилига эмас, мутлақо бошқа тарафга қараб кетаётганини кўрарди. Кейин улов тизгинини тортиб, манзили сари йўналтирар ва тўғри йўлга тушиб оларди. Аммо, афсуски, бу ҳолат узоқ давом этмас, Мажнун яна ўзини унутар ва туя ортга қайтиб кетарди.
Шу зайлда Мажнун ойлардир йўл юриб ўз манзилига ета олмабди. Ахийри, туядан воз кечиб, манзилига пиёда йўл солибди.
Тўғри йўлдан кетаётган одам бир кун келиб албатта манзилига етиши шубҳасиз. Фақат мақсад сари олиб борадиган йўлга ҳар доим юзланиб туриши зарур. Мақсадга орқа ўгирганнинг иши фақат тинимсиз йўл юриш ва чарчашдан иборат бўлади.
…Умр сафари ҳар бир нафасимиз ҳушёр ва огоҳлик билан ўтказишни тақозо қилади. Зотан, кўзлаган мақсадимизга эришиш учун бу жуда муҳим.