Танзила Норбоева: Коррупцияга қарши курашиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз эътироф этилди!

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг таькидлашича, амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида нуфузли халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни яхшиланишига эришилган.

Шунингдек, сенат раиси телеграм каналида қуйидагича изоҳ қолдириб ўтган:

Хусусан, Иқтисодий эркинлик индексида мамлакатимиз 44 поғона юқорилаб, 108-ўринни эгаллади. Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 14 поғона юқорилаб 85-ўринга кўтарилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон бу борада энг яхши натижа кўрсатган 3 та давлатдан бирига айланди. Глобал инновацион индексда Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллади ва энг жадал юқорилаган мамлакатлар топ 10 талигига кирди.

Коррупцияга қарши курашиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз эътироф этилиб, Transparency International халқаро рейтингида фақатгина охирги бир йилда 6 поғонага (146 дан 140-ўринга) кўтарилиб, дунё миқёсида 5 йилда муҳим ўзгаришларга эришган давлатлар қаторидан жой олдик.

Бир пайтлар бу каби кўплаб халқаро рейтингларда Ўзбекистон номи ҳатто қайд этилмагани инобатга олинса, ушбу рақамлар ортида қанчалик машаққатли меҳнат ётганини англаш қийин эмас. Ҳозирги кўрсаткичлар биз учун чегара эмас. Яқин истиқболда нуфузли халқаро рейтингларда мамлакатимиз номи етакчилар қаторидан жой олишига ишонамиз ва шунга интиламиз, дейди Т. Норбоева.