Хоразмда Telegram орқали президентни ҳақорат қилган шахс 3 йилга қамалди
3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани суди томонидан блогер Собиржон Бобониёзов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.
Хабар берилишича, Хазорасп туманининг «Бўстон» қишлоғида яшовчи блогер Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбланган.
Жиноят иши материалларига кўра, 31 ёшли блогер Telegram ижтимоий тармоғидаги «Блогерлар бирлашмаси» номли гуруҳга аъзо бўлиб, мазкур гуруҳда Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақоратловчи ва фаолиятини обрўсизлантирувчи мазмунда тўғридан-тўғри видеоматериаллар эълон қилган.
2021 йилнинг 21 апрелидаги суд-лингивистик экспертиза хулосаларига кўра, мазкур материаллар Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси президентига суиқасд қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликни ифодалайди.
Айблов хулосасига кўра, блогер мазкур жиноятларни оғирлаштирувчи, яъни маст ҳолатда такроран содир этган.
Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмига киритилган сўнгги ўзгартиришга мувофиқ, Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Чирчиқ шаҳрида яшовчи Facebook тармоғида Ўзбекистон президентининг сохта аккаунтини рўйхатдан ўтказган фуқаро ҳам озодликдан маҳрум этилган эди.