Аввал хабар берганимиздек, 4 феврал куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 74 ИДУМ ўқитувчилари ота-оналар қаршисида тик туриб, узр сўрашга мажбур қилинган эди.
Ушбу ҳолат бўйича Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам ўз муносабатини билдирди:
“Ҳурматли устозлар, ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари!
Бугун ижтимоий тармоқ, жамоатчилик вакиллари орасида кўплаб муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолат, устоз — мураббийларимизнинг шаъни ва кадр-қимматини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат эканлигини кўриш мумкин.
Бу билан устозларимизга бўлган эътибор Давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни даврда “айрим” раҳбарларнинг маънавияцизлиги ва савиясизлиги кечириб бўлмас хатони юзага келтирди.
Мен Андижон вилояти ҳокими сифатида мазкур ҳолатни ўз назоратимга олиб, мени бошчилигимда алоҳида ишчи гуруҳ тузилди. Айтиб ўтиш жоизки, ушбу хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарларга қонунда белгиланган жазо чораларини кўрилишини таъминлайман.
Андижонда ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз бундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз”, – деган Абдураҳмонов.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал, Марҳамат тумани ҳокими ҳам устозлардан узр сўраб чиққан эди.