Давлат муассасаларини ислоҳ қилиш жадаллаштирилади
Ш.Мирзиёевнинг тегишли қарори билан:
бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасалари тугатилади ёки хўжалик жамиятларига ўзгартирилган ҳолда хусусий секторга сотилади;
давлат муассасалари мажбурий тартибда Ягона ғазна ҳисобварағида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
2022 йил 1 апрелдан бошлаб Очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасаларнинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлар ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни (бундан тижорат сири мавжуд ёки чекланган ҳолда тарқатиладиган маълумотлар мустасно) эълон қилиш амалиёти жорий этилади;
давлат муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда ҳамда муассаса устави (низоми)да унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли “давлат муассасаси” эканлиги курсатилади;
хўжалик жамиятлари устав фонди (устав капитали)даги давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари, Марказий банк ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли акциялар ва улушлар давлат улушлари ҳисобланади;
давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларига тегишли бўлган хўжалик жамиятларининг устав фонди (устав капитали)даги улушлар ва акциялар давлат улуши ҳисобланмайди.