Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-феврал куни Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Айни вақтда Самарқандда бўлиб турган Шавкат Мирзиёев вилоятда янги қурилган ер ости тоннелини кўздан кечирмоқда.
Президент Самарқандда трамвай бор эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
“Трамвайни Тошкентга ҳам қайтармоқчимиз. Фуқаролардан бу борада кўплаб хатлар ва мурожаатлар келяпти”, — дейди Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ Ўзбекистон 24 телеканалида эфирга узатилган “Менимча” телелойиҳасида Тошкент жамоат транспортидаги муаммоларни ҳал қилиш учун трамвайлар фаолиятини тиклаш таклиф қилинган эди.
Хусусан, лойиҳа муаллифи Хайрулла Нуриддинов Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти муаммолари ҳақида гапириб, трамвай фаолиятини тиклаш таклифини берган.
“Транспорт фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Тошкентга трамвайларни қайтариш керак, менимча. Катта ва гавжум шаҳарга трамвай жуда асқатади. Ҳаммамизнинг эсимизда-ку ўша қулай, бежирим, бир текис юрадиган, энг муҳими экологияга умуман зарар етказмайдиган қадрдон трамвайлар. Бу менинг фикрим, албатта. Агар Тошкент мутасаддиларининг ўрнида бўлганимда, ана шу ташаббус билан чиқардим”, – дейди Хайрулла Нуриддинов.